Ургутда такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилманинг саноат намунаси яратилмоқда

Ургут туманида 520 мингга яқин аҳоли яшайди. Бу эса ердан янада унумли фойдаланиб, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш заруратини тақозо этади.

- Бу масалани ҳал қилишнинг самарали йўлларидан бири — майдонларга такрорий экинларни экишдир, - деб ёзади Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Халқ сўзи” газетасида. - Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали олимлари томонидан яратилган, такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилмани ишлаб чиқаришга жорий этиш ушбу масалани самарали ечишга хизмат қилади.

Ургутда 28 минг гектар майдон экин экишга мўлжалланган бўлса, ундан 8 минг гектарига такрорий экинлар экилади. Филиалда яратилган такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилманинг саноат намунасини яратиш бўйича амалий лойиҳаси қишлоқ хўжалигида асосий экиндан сўнг, шу йилнинг ўзида ҳосил берувчи ўсимликларни экишнинг сифатини оширишга қаратилган бўлиб, мазкур қурилманинг қўлланилиши сув сарфининг 17,3 фоиз тежалишига ва ёнилғи сарфининг 2,8 марта камайишига, меҳнат унумдорлигининг эса 25 фоиз ошишига олиб келади.