Ургутда янги қонунлар сенаторлар ҳамда депутатлар иштирокида муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасида сенаторларни маҳаллий Кенгашларга бириктириш ва қонун лойиҳаларини улар билан биргаликда муҳокама этиш орқали Кенгашлар фаолиятини янада жонлантириш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Маданият тўғрисида”ги ҳамда “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари Самарқанд вилояти Ургут тумани Кенгаши депутатлари иштирокида муҳокама қилинди.
Унда сенаторлар, халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиялари раислари, тегишли соҳа ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда қабул қилинаётган қонунларда ҳудудлар манфаатлари ифода этилаётганини чуқур таҳлил қилиш, узоқ туманларда яшовчи фуқароларни ҳам қонунлар мазмун-моҳияти билан ўз вақтида таништириб бориш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ҳар бир депутатнинг асосий вазифаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Муҳокама этилган қонунлар юзасидан депутатлар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.