Ургутдаги 87-мактабнинг эски биносидан умуман фойдаланилмайди

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Маҳалламиздаги мактаб авария ҳолатида, ҳар дақиқада қулаши мумкин. Аммо шунга қарамай, болалар хатарли шароитда ўқияпти...” сарлавҳали хабар бўйича Ургут тумани халқ таълими бўлими ахборот берди:

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 87-умумий ўрта таълим мактаби Қорабулоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. Мактабнинг жами 4 та ўқув биноси мавжуд бўлиб, шундан 3 та биноси 1978  йилда ҳашар йўли билан қурилган.

2018 йил апрель ойидан буён ушбу авария ҳолатидаги (видео лавҳада кўрсатилган) мактаб биносининг синфхонасидан умуман фойдаланилмайди.

Сўнгги икки йил мобайнида ушбу бинонинг фойдаланишга яроқсизлиги ҳақида қишлоқ фуқаролари ва ўқитувчилар томонидан келиб тушган мурожаатларни инобатга олиб, 2020-2022 йилларда манзилли Дастурга киритилган ва мурожаатчиларга бу ҳақда тушунтирилган.

2008 йил Инвестиция дастури асосида 240 ўқувчи ўрнига эга бўлган янги икки қаватли мактаб биноси қурилиб, айни вақтда мактабнинг мазкур ўқув биносида жами 553 нафар ўқувчи икки навбатда таълим-тарбия олмоқда. Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун янги иситиш қозонлари ўрнатилган. Бундан ташқари, информатика ва ўқув-лаборатория хоналарида ҳам ўқувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Тасвирда кўрсатилган видеолавҳа бутунлай асоссиз бўлиб, ушбу бинонинг синфхонасидан бугунги кунда умуман фойдаланилмаслиги, вилоят давлат архитектура қурилиш назорати инспекциясининг хулосаси ҳамда туман ҳокимининг қарорига асосан бузилиши белгиланганлиги маълум қилинади.

Ургут тумани халқ таълими бўлими”.