Ургутдаги ёнғинда беш киши ҳалок бўлди
2019 йилнинг 22 февраль куни соат 02 дан 01 дақиқа ўтганда Самарқанд вилояти Ургут тумани «Дўстлик» маҳалласи Янгиариқ кўчасидаги 89-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида Ургут тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг диспетчерлик хизматига хабар келиб тушган.
Воқеа жойига зудликда 6 та асосий ва 1 та махсус ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Ёнғин ўчириш бўлинмалари ёнғин жойига соат 02 дан 09 дақиқа ўтганда етиб борган вақтида уй очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 02 дан 22 дақиқа ўтганда қуршаб олиниб, соат 03 дан 48 дақиқа ўтганда бартараф этилган. Ёнғин оқибатида 89-уйнинг 150 кв.метр майдонда томи, шифти ва уй жиҳозлари ҳамда қўшни 102-уйнинг 15 кв.метр майдонда том қисми ёниб зарарланган.
Ёнғинни бартараф этиш жараёнида 89-уй эгаси 1954 й.т. З.У., рафиқаси 1956 й.т. М.Р., қизи 1992 й.т. З.У., набиралари 2011 й.т. Х.М. ва 2013 й.т. Н.М.лар ёнғин ўчирувчилар томонидан қутқарилган. Шулардан, 2013 й.т. Н.М. куйиш тан жароҳати билан туман марказий шифохонасига олиб кетилган, аҳволи қониқарли (10 фоиз куйиш тан жароҳати олган).
Ачинарлиси, ёнғинни ўчириш вақтида 89-уй эгасининг фарзандлари 1980 й.т. Х.У., 1986 й.т. О.У., келини 1993 й.т. Ш.Э., набиралари 2013 й.т. Ш.З. ва 2018 й.т. Ш.З.ларнинг куйган ҳолдаги жасадлари топилган.
Ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси.