Ургутга поезд билан шиддат ҳам кириб боряпти

“Ургут ўзига хос бир мамлакат, унинг ўз қоидалари бор”, деб ҳазил қилишади турли ҳудуд кишилари бу манзил ҳақида гапира туриб. “Марс”га америкаликлар илк космос учирганда бориб қарашсаки, ургутликлар ўша ерда тарвуз сотиб ўтирганмиш...”.

Албатта, ҳазил, латифалар ўз йўлига. Аммо ургутликлар азал-азалдан тадбиркорлиги, ишбилармонлиги билан эл оғзига тушган. Ҳатто собиқ тузумдаям, хусусий савдо-сотиқ билан шуғулланиш қатъиян ман этилган йилларда ҳам нимадир сотиб, нимадир ясаган. Эндиликда тадбиркорларга катта имкониятлар берилганда бу ҳудуддан вилоят, республикага таниқли тадбиркорлар етишиб чиқди.

Тадбиркорлар-ку майли, аммо илм, зиёли инсонлар орасида ҳам ургутлик инсонлар жуда кўп. Мақолани бир қараганда гўёки маҳаллийчилик руҳи билан ёзишимга сабаб бор. Чунки бу ҳудуднинг ўзига хослиги ҳозирча етарли фойдаланилмаётган ноёб табиати, тарихий масканларидан кўра инсон ресурсларида кўпроқ ифодаланади. Бу феноменни ўрганиш, керак бўлса ундан ўрнак олиш жуда муҳим.

Айнан мана шу ҳудудга шу кунларда илк бор поезд қатнови йўлга қўйилди. Аҳолиси жиҳатидан энг катта туман саналган Ургут аҳли темирйўл транспортини узоқ кутгани рост. Аҳолини Самарқанд шаҳри билан боғлаш билан бир қаторда бу ерда ишлаб чиқилаётган юзлаб турдаги маҳсулотларни ҳам юк поезди орқали етказишни йўлга қўйишга аллақачон катта эҳтиёж сезилиб қолаётганди.

Поезд шунчаки транспорт эмас

Ҳа, кеча самарқандликлар учун тарихий кун бўлди. Мамлакатимиз раҳбарининг ўзи бир гуруҳ фаоллар билан Самарқанд шаҳридан Ургутга янги ташкил этилган поездда борди. Ургут туманида вилоят миқёсидаги йиғилиш ўтказилди.

Кейинги кун самарқандлик фаоллар Ургутга, ургутлик турли соҳа вакилларидан таркиб топган жамоа поездда Самарқанд шаҳрига келди.

- Куни кеча Юртбошимиз ўзи билан туманимизга катта қувонч олиб келди, - дейди Нуроний жамғармаси Ургут туман бўлими раиси Фармон Азизов. – Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган йиғилишда Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича катта лойиҳалар илгари сурилди. Бу лойиҳалар амалга ошса, туман салоҳияти қанчалик ошишини тасаввур қилиш қийин. Туман аҳли бу эътибордан бир ғайратига ўн ғайрат қўшилиб ҳаракат қилади, деб ўйлайман.

Поезднинг илк йўловчилари сифатида Ургут вокзалига кириб борар эканмиз, вокзалдаги замонавий шарт-шароитлар кишига ўзгача завқ беради.

Йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш мумкин

- 2025 йилнинг февраль ойида қурилиши бошланган “Самарқанд – Ургут” янги темирйўл тармоғи лойиҳаси ҳудудда транспорт инфратузилмасини яхшилаш, йўловчи ва юк ташиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида амалга оширилди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов темирйўл қурилиши ҳақида маълумот берар экан. - Умумий узунлиги 55 километр бўлган ушбу йўл мамлакатимиз транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида иккита замонавий вокзал, “Ургут” иқтисодий зонаси ҳудудида иккита юк станцияси, шунингдек, бир қатор кўприк ва иншоотлар барпо этилди. Йўналишни келгусида тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган.

Янги темирйўл тармоғи икки жуфт шаҳарлараро йўловчи поездлари ва тўққиз жуфт юк поездлари қатновини ташкил этиш имкониятини яратди. Қатновлар йўлга қўйилиши натижасида йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имконияти яратилади.

Ушбу йўналиш Самарқанд шаҳри, Самарқанд, Жомбой, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз, қулай ва замонавий транспорт хизматларини тақдим этиши билан аҳамиятга эга. Шу билан бирга, ички туризм ривожига ҳам катта ҳисса қўшади.

Темир йўл инфратузилмаси иқтисодиётнинг стратегик соҳаларидан бири саналади. Ушбу лойиҳа “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Йўналиш ишга туширилиши билан 130 та янги иш ўрни яратилади.

Янги темирйўл қурилиши ва логистика инфратузилмасининг кенгайиши Ургут туманида иқтисодий ўсишни рағбатлантириб, юк ташиш харажатларини қисқартиради. Бу маҳсулотларни бозорларга арзон ва тез етказиш, инвесторлар учун қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда ҳудуднинг рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Энг муҳими, яратилаётган янги имкониятлар аҳолининг турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатади — инфратузилма ривожланган ҳудудда иш ўринлари кўпаяди, хизматлар сифати яхшиланади, тадбиркорлик фаоллашади.

Лойиҳанинг асосий нуқталаридан бири — Ургут вокзалида йўловчилар учун замонавий ва қулай шароитлар яратилмоқда. Янгиланган вокзал йўловчи оқимининг ортишига хизмат қилади.

Янги поезднинг қатнов жадвали

27 ноябрдан бошлаб барча йўловчиларга Самарқанддан Ургутга, Ургутдан Самарқандга поезд қатнай бошлайди. Поезд бир кунда икки марта қатнайди: эрталаб, Ургутдан соат 6.30 ва соат 16.59 да Самарқандга, Самарқандда эса соат 8.47 ва 19.27 да Ургутга қараб ҳаракатланади. Чипталарни вокзалнинг ўзида ёки онлайн тарзда харид қилиш мумкин.

Тижорат, туризм, маданият

Шу йил Ургут туманида бир қатор халқаро миқёсида туристик тадбирларнинг ўтказилгани ҳақида хабарингиз бор. Халқаро параплан мусобақалари, туризм қишлоқларидаги қатор тадбирлар ўтказилди.  Шунингдек, туманда 11 та маҳалла туризм қишлоғига айлантирилиб, "Қоратепа" сув омборида сув спорти туризми ривожлантирилиши, "Чор чинор"да дор йўли қурилиши режалаштирилган. Бу туман қўшни Тожикистон билан чегарадош бўлгани учун қўшни республика билан савдо-сотиқ кўлами ҳам йилдан-йилга кўтарилиб бормоқда. Маълумотларга кўра, бир кунда "Жартепа" божхона постидан 4 мингга яқин аҳоли ўтиб қайтади. Улар учун поездда Самарқанд шаҳрига келиш анча қулай, хавфсиз ва бемалолдир.

Табиийки, иқтисодий жиҳатдан бундай стратегик ҳудудга поезднинг келиши юқорида мутасаддилар таъкидлаганидай, салоҳиятнинг янада юқорилашишига хизмат қилади. Хуллас, ҳазиллар ўз йўлига, аммо яхши билан хаёлда айтилган "Ургут алоҳида мамлакат", деган гаплар тобора ижобий сифатга эга бўлиб бормоқда.

Гулруҳ Мўминова,

Фазлиддин Рўзибоев.