Ургутга поезд боради

Бундай олиб қаралса, Ургутга автотранспорт қатновида муаммо йўқ. Туманнинг исталган ҳудудига автомобиль, автобусда бориш мумкин, дашт ва тоғ ораларида ҳам йўл инфратузилмаси яратилган.

Фақатгина бир масала борки, азалдан тадбиркор бўлган ургутликларнинг бугун савдо-сотиқ, саноат ишлаб чиқаришида юқори ўсиш суръатларини қайд этиб, тайёрлаётган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда четдан зарур техника, технология олиб келишда узоғини яқин, мушкулини осон қилишга зарурат пайдо бўлди. Буни эса давлат раҳбари кўра олди ва Ургутга темирйўл тармоғи тортиш ташаббусини илгари сурди. Ана шу эзгу ният, хайрли ташаббус бу йил амалга оширилмоқда.

Узунлиги 55 километр бўлган янги тармоқ “Тоштемирйўллойиҳа” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган бош режа асосида замонавий муҳандислик ечимлари ҳисобга олинган ҳолда барпо этилмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳудудидан бошланувчи янги темирйўл тармоғи Жомбой туманидаги “МАN” заводи яқинидан 4Р-238 автомобиль йўлини кесиб, Зарафшон дарёси бўйлаб ўтади ва Ургут туманига боради.

– Президентимизнинг тегишли қарори асосида шу йилнинг февраль ойида Самарқанд шаҳри ва Ургут туманини боғловчи темирйўл қурилишига киришилди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти капитал қурилиш дирекцияси муҳандис технологи Дилшод Тўлаганов. – Лойиҳа 2 та темирйўл вокзали, 2 та темирбетон кўприк ва 55 километр темир йўл изларини ўз ичига олади. Шу пайтгача Жартепа ва Ургут тумани марказидаги вокзалларда 65 фоиз ишлар бажарилди, 34 километр масофага темирйўл излари ётқизилди. Иккита кўприкда ҳам қурилиш ишлари 85 фоизга етди. Бу юмушлар 100 дан ортиқ техника, 300 нафардан кўпроқ қурувчи ва мутахассислар томонидан туну кун жадал олиб борилмоқда. 55 километр масофада иккита темирйўл вокзали қурилишининг боиси бор, албатта. Жартепа вокзали Тожикистон билан чегара яқинида (масофа бор-йўғи 500 метрни ташкил этади) қурилмоқда ва бу келгусида қўшни давлат фуқароларининг юртимизга келиб, темирйўлдан фойдаланган ҳолда саёҳат қилишлари ёки ўзлари кўзлаган бошқа манзилларга етиб олишларига қулай шароит яратади. Қолаверса, бу икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини кескин оширишга хизмат қилади. Бунинг учун Жартепа ва Ургут вокзаллари ҳудудида юк қабул қилиш ва жўнатишга мўлжалланган йирик шохобчалар ташкил этилади. Ургутга темирйўл тортишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам шу аслида, яъни туман тадбиркорларининг ўз маҳсулотларини темирйўл орқали хорижга экспорт қилишларига имконият яратиш.

Қурилиш масъулининг айтишича, иш шу зайлда давом этса, лойиҳани амалга ошириш жорий йилнинг август-сентябрь ойларида якунига етказилади. Келгуси йилда эса ушбу темирйўл тармоғи электрлаштирилади.

– Мазкур объектда станциямизнинг ҳамда Бухоро, Қўнғирот, Тошкент ва Қўқон минтақавий темирйўл узелларининг ишчи-ходимлари бир неча ойдан буён фидойилик кўрсатиб меҳнат қилмоқда, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти 166-йўл машина станцияси бошлиғи ўринбосари Абдушукур Холназаров. – Улар ёрдамида бир кеча-кундузда 2,5 километргача темирйўл излари ётқизилмоқда ва айни пайтда мазкур тармоқнинг 34-километрида ишларни давом эттиряпмиз. Насиб этса, яқин кунларда Ургут темирйўл вокзалигача бўлган масофада темир излар ётқизиб, Самарқанд ва Ургутни боғловчи темирйўл линияси қурилишини якунига етказамиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу темирйўл нафақат Ургут тумани ёки Самарқанд вилояти, балки бутун мамлакатимиз иқтисодиёти учун истиқболли лойиҳа ҳисобланади ва биз бу ишга ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз.

Айни пайтда темирйўл излари Жартепа вокзалига яқинлашиб қолган ва ўз навбатида вокзалда “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамияти махсус механизациялашган унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан ишлар жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Ургут темирйўл вокзали эса мамлакатимиз темирйўл тармоғи тарихида илк бор хусусий тадбиркор томонидан қурилаётган объект сифатида қайд этилади.

– Ургутга темирйўл кириб келиши биз, тадбиркорлар учун жуда катта қулайлик, – дейди Ургут туманидаги “SamNegin” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анвар Темиров. – Чунки ҳозирда четдан юк олиб келадиган бўлсак ёки ўзимиз ишлаб чиқарган маҳсулотни темирйўл орқали хорижга чиқарадиган бўлсак, уни Самарқанд ёки Зарафшон темирйўл станциясига юк автомашиналарида олиб боришимиз ёки олиб келишимизга тўғри келади. Мазкур темирйўл эса бу муаммога барҳам беради ва юкларимизни шу ерда қабул қилишимиз, жўнатишимиз мумкин бўлади. Бундан туманимизнинг, “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг барча тадбиркорлари хурсанд, албатта. Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг бизга бўлган жуда катта эътиборларига жавобан Ургут темирйўл вокзалини ўз корхонамиз ҳисобидан қуриб, “Ўзбекистон темирйўллари”акциядорлик жамиятига беришга қарор қилдик. Шу билан бирга, ушбу ҳудудни халқимиз ва сайёҳларга хизмат кўрсатадиган яхлит комплексга айлантириш мақсадида бу ерда автовокзал, замонавий IT-парк, шарқона ресторан ва экобозор, таълим ва тиббиёт муассасалари барпо этишни режалаштирганмиз.

Кўп йиллар давлат ва жамоат ташкилотларида ишлаган ва ҳозирда меҳнат фахрийси сифатида туман ҳаётида фаол иштирок этаётган Олим Ҳошимов Ургутга темирйўл келишини туман аҳли интиқлик билан кутаётгани, ўзи ҳам кунда-кун ора қурилиш объектларига бориб, жараённи ҳаяжон билан кузатаётганини таъкидлади.

– Ургутимизга худойим таолонинг нури барокоти тушиб, Президентимизнинг ташаббуслари билан жуда катта ўзгаришлар бўляпти, - дейди Олим Ҳошимов. – Президентимиз давлат раҳбари сифатида 2016 йилда туманимизга келганларида тадбиркорлар фаолияти билан танишиб, Ургутни эркин иқтисодий зонага айлантириш, ишбилармонлар учун жуда катта имкониятлар яратиш бўйича ташаббусларни билдирган эдилар. Кўп ўтмай, “Ургут” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш бўйича фармон қабул қилинди. Ўша учрашувда Президентимиз яқин йилларда Ургутга темирйўл тортилиши ҳақида ҳам айтгандилар ва мана, бугун бу ниятлар амалга ошмоқда. Темирйўл бу – иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи жуда катта куч. Бу тадбиркорларимиз имкониятларини бир неча карра оширади, туманимиз иқтисодиёти ривожланади. Иқтисод ривожи эса ҳудуд инфратузилмаси яхшиланиши, аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилади. Саксон ёшга кираётган нуроний сифатида айтишим мумкин, бунақа даврни кўзи очиқ, юзи ёруғ одам кўриб, ҳавас қилади. Мен шундай фидойи Президентимиз борлигидан фахрланаман. Ишонаманки, халқимиз бу инсон бошчилигида яна кўп эзгу ишларни кўради, юксак натижаларга эришамиз.

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат).