“Ушлаб турилган” экскаваторни тадбиркорга бериш масаласи кўриб чиқиладиган бўлди

Вилоят ҳокими Э.Турдимов савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида тадбиркорларни қабул қилди.

Унда ўндан ортиқ тадбиркор ўз фаолиятини юритиш ва кенгайтириш учун ер майдони ажратиш, банкдан кредит олиш, фаолиятида учраётган камчилик ва муаммолар юзасидан вилоят раҳбарига мурожаат қилди.

Жумладан, қабулда Каттақўрғон туманидаги “Пайшанба савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аллаёр Худойбердиев Корея давлатидан шартнома асосида экскаватор харид қилгани, аммо техникани ТИФ ТН коди хато киритилгани боис жиноий иш қўзғатилганини билдириб, нотўғри айблов қўйилаётганлиги юзасидан амалий ёрдам сўради.

– Ўтган йили жамиятимиз учун экскаватор харид қилгандик, – дейди А.Худойбердиев. – Техника хариди учун Корея давлатининг “Юнус Али трайд” корхонаси билан расмий шартнома тузиб, пул маблағларини кўчирдик. Шартномага кўра, техникаларимиз Самарқандга етиб келган. Аммо техникамизнинг ТИФ ТН коди хато ёзилганлиги боис божхонада ушлаб қолинди. Кўплаб оворагарчилик ва сарсонгарчиликларга учрадим. Мен дуч келган ушбу ҳолат юзасидан вилоят ҳокими тегишли мутасаддиларга топшириқ берди. Тез орада техникаларимни олиб фаолиятимни давом эттираман.

Қабулда вилоят ҳокими кўрилган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилади. Аксарият тадбиркорларнинг юқоридаги каби чигал масалаларини жойида ўрганиш бўйича махсус комиссия тузиш бўйича топшириқлар берилди.

Бахтиёр МУСТАНОВ.