Устозларимдан норозиман

Ҳа, шундай, мен мақола ёзишни ўргатган, соҳага меҳримни оширган устозларимдан норозиман. Нега менга бу касбнинг машаққати, бутун умр кўтаришим керак бўлган оғир юки ҳақида айтмадингиз? Тунларни бедор, кунларни сарсон-саргардон ўтказишим, эгрини эгри, тўғрини тўғри деганим учун кўпчиликнинг душманига айланишим ҳақида огоҳлантирмадингиз. Нима учун мен ўзимни халқим олдида муттаҳам ҳис қиламан?

Аслида мен яхшигина юлғич бўлишим керак эди-ку, муҳит мени шунга тайёрлаётганди. Яшириб нима қилдим, болалигимизда халқдан, давлатдан ўмариш айб эмас, ютуқ саналарди. Баъзи катталар бизга ҳаром-хариш йўллар билан бойиб кетганларни ўрнак қилиб кўрсатишган. Ойликка эмас, кунликка ишлаш кераклиги, пулнинг ўзи сени излаб келса, “ҳалол” бўлишини уқтиришган. Виждонга куним қолдими мени?

Мана, таҳририятнинг эшиклари олдида турибман. Олий таълимни бошқа мутахассислик бўйича ўқиб тугатган бўлсам-да, тақдир мени шу ерга бошлаб келди. Хат-саводим дурустдан ёмон, мақола тугул оддий хабар ёзишни ҳам билмайман. Устозлар дейди, “Агар ўзингда бўлмаса, биз беролмаймиз. Сен бу касбни танламайсан, касб сени танлаши керак”. Нима ҳам дердим, ризқимиз шу соҳада экан.

Ҳақиқий журналистни юзидан эмас, имзосидан танишлари керак, деган эди устозларимдан бири. Аввалига бу гапнинг мағзини чақа олмадим. Тушунча тажриба билан келар экан. Бойлик, машҳурлик, чиройли ҳаёт орзусидагилар учун эмас бу иш. Ундайлар соҳани ҳам, ўзини ҳам шарманда қилади. Эслашса ҳам яхши гаплар билан эмас. Бутун умр шу соҳада ишлаб, ҳақиқий журналист бўла олмаганларни кўрдим, хулоса қилдим. Қайсидир маънода улар ҳам устозим бўлди. Фақат мен улардан қилмаслигим керак бўлган нарсаларни ўргандим.

Устоз, нега журналистнинг қалами қийинчиликлар чархпалагида чархланишини айтмадингиз? Беморнинг ўйини билиш учун бетоб, камбағални тушуниш учун ночорликни ҳис қилишимиз керак бўларкан-ку. Ўз услубинг бўлиши керак, дердингиз доим. Услуб кабинетда эмас, ҳаётнинг қайноқ нуқталарида шаклланар экан-ку?!

Устозларимдан норозиман. Сабаби, улар бу касб менга нима бериши ҳақида ҳам лом-лим, дейишмаган. Ўзим айтақолай, соҳа менга ҳалол яшаш имкониятини берди. Ўз нафсинг бузуқ бўлмаса, ҳеч ким сени ҳаром ишга ундай олмайди. Асосийси, бу касб менга қалбимни тирнаётган ўйлар, фикр ва ғояларни оққа кўчириш, бошқалар билан бўлишиш бахтини берди. Халққа, Ватанга хизмат қилиш қандай бўлишини тушундим. Тўғри, ҳали ҳам кўп нарсаларни ўрганишим керак, журналист бўлдим, десам, манманлик бўлар. Билганим, шундай улуғ мақомга мос бўлиш ҳаракатидаман. Устозларим бунинг учун йўл очиб беришди.

Устозлар, сизларга ташаккур, байрамингиз муборак бўлсин!

Асқар БАРОТОВ.