Ухан шаҳрида торнадо туфайли 6 киши ҳалок бўлди, 218 киши жароҳат олди
Бу ҳақда Ухан шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Пекин вақти билан кеча, соат 20:39 да (Тошкент вақти билан 17:39) Ухан Цайдан шаҳри атрофи ва Уханнинг иқтисодий ривожланиш зонасидаги Цзуньшан ҳудудида торнадо юз берди. Шамолнинг тезлиги сониясига 23 метрга етди.
Аввалроқ олти киши бедарак йўқолган ва 41 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилган.
"Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат натижасида бугун, соат 4:30 ( Тошкент вақти билан 01:30) га қадар олти киши ҳалок бўлди, 218 киши жароҳат олди, 27 та уй тўлиқ вайрон бўлди, 400 га яқин уй, иккита минорали кран ва вақтинчалик иншоотларнинг тахминан 8 минг квадрат метр майдони зарар кўрган", дейилади бўлим хабарида.