Узоқ умр кўриш. Унинг сири нимада?
Ҳамма узоқ умр кўришни истайди. Ҳар жойда, ҳар бир мамлакатда узоқ умр кўрувчилар бор. Хўш, бунинг сири нимада?
Австралия. Ўртача умр – 90 йил. Бу ерда асосий принциплардан бири – ҳеч қачон сиёсат ҳақида гапирилмайди, фақат ишла, дам ол, ўйна-кул. Албатта, тоза ҳаво, табиат қўйнида кўпроқ бўлиш. Австралияликлар пивони яхши кўради. Таомлар эса фақат янгиларидан тайёрланади, музлатилган, қайта ишланган озиқ-овқатларни оғизга олишмайди. Муаммолардан куйиниш, асабийлашиш, афсусланиш йўқ. Ғам-ташвишлар хотиржамлик билан қабул қилинади.
Япония. Японлар анъанавий овқатланиш режимига қатъий амал қилади: балиқ, гуруч, соя ва сабзавот. Соя юрак хасталикларининг олдини олади, суякларни мустаҳкамлайди. Айрим рак турлари, жумладан, ўпка ракининг хавфини камайтиради. Кўк чой инсультни олдини олиб, инсулин фаоллигини кучайтиради.
Доимий равишда жисмоний меҳнат билан шуғулланади, очиқ ҳавода кўпроқ пиёда юради, ҳеч қачон шоша-пиша ёки йўл-йўлакай овқатланмайди, бемалол ўтириб, хотиржам овқатни чайнаб ейди.
Тибет. Тибетликларнинг тавсиясига кўра, 100 йил умр кўриш учун бир нечта қоидага амал қилиш керак. Муаммони асабийлашмасдан, хотиржам ҳал қилишга ҳаракат қилинг. Иложи бўлмаса ҳаяжонланишнинг нимага кераги бор?
Тез-тез ўзингизни бўш тутинг. Бурундан нафас олиб, оғиздан чиқаринг, нафасни кўпроқ ушлаб туринг.
Бошингизни массаж қилишни ўрганинг. Доимо янги танишлар орттиришга ҳаракат қилинг. Овқат рационидан қовурилган таомларни чиқариб ташланг. Кўпроқ гўшт, дуккакли - нўхат, ловия, мошли таомлар енг. Ҳар қандай турдаги томатларни ейишни канда қилманг.
Финландия. 1970 йилларда Финландия юрак касаллигидан вафот этганлар бўйича жаҳонда биринчи ўринда турарди. Тўғри овқатланиш, тоза ҳавода машқ қилиш орқали бу муаммо ҳал этилган. 70 фоиз финлар спорт билан шуғулланади. 50 фоиз хотин-қизлар ишга пиёда ёки велосипедда бориб келади.
Бошқа мамлакатларда ҳам узоқ умр кўришнинг ўзига хос сирлари бор. Ҳаммасига хос битта сир – тўғри овқатланиш, доимо жисмоний ҳаракатда бўлиш, яхши кайфият, ҳаётга муҳаббат, деб ёзади «Мир новостей» ҳафтаномаси.
Т.Шомуродов тайёрлади.