Вадим Абрамов: “Олдинда 10 та ўйин бор, Суперлигада қолиш учун камида бештасини ютишимиз шарт”
Вадим Абрамов: “Олдинда 10 та ўйин бор, Суперлигада қолиш учун камида бештасини ютишимиз шарт”
“Динамо” жамоасининг Суперлига доирасидаги қониқарсиз натижалари мухлисларни ташвишлантираётгани ҳеч кимга сир эмас.
Кеча, 23 август куни “Динамо” стадионининг марказий трибунасида жамоа раҳбарияти, мураббийлар, футболчи ва мухлислар иштирокида учрашув ўтказилди.
Клуб матбуот хизматининг хабарига кўра, мухлислар Вадим Абрамовдан жамоанинг Суперлигада қолиш имконияти ҳақида сўрашган.
- Жамоанинг қабул қилганимга кўп бўлмади ва бу ерда иш бошлаётганда ҳам мендан бу ҳақда сўрашганида Менга учта ўйин беринг, қўл остимда қандай жамоа борлигини кўрай, кейин саволингизга жавоб бераман, деган эдим. Ҳозирча “Сўғдиёна” ва “Қизилқум”га қарши икки ўйин ўтди, олдинда эса яна битта баҳс “Бунёдкор” билан ўтади. Ушбу учрашувдан кейин сизнинг саволингизга жавоб беришим мумкин. Бу ўйиндан кейин бу саволга ўзингиз ҳам жавоб топишингиз мумкин бўлади.
“Динамо”нинг иккинчи давра стартини муваффақиятсиз бошлаганини, турнир жадвали етакчилари – “Пахтакор”, “Насаф”, “Сўғдиёна” ва “Қизилқум”га қарши ўйин ўтказгани билан боғлаш, баҳонадек кўриниши мумкин. Мен учун ким билан ўйнаш эмас, биз қандай ўйнашимиз муҳимроқ. Ҳозирда ўйин ва натижа жиҳатдан яхши кўринмаётганимиз барчага аён.
Энг аввало шуни тўғрилашимиз керак. Олдинда 10 та ўйинимиз бор ва бу биз учун имконият. Лигада қолиш учун шундан камида бештасини ютишимиз шарт. Акс ҳолда вазифани бажариб бўлмайди. Ҳозир сизга кўп ваъдалар беришим мумкин, аммо тушунинг, мен сеҳргар эмасман.
Вазиятни яхши томонга ўзгартириш, лигада қолиш учун барчамиз бор кучимиз билан ишлаймиз. Бу футбол, олдинда нима бўлишини билмайсан”, - деди Вадим Абрамов.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ устози Самарқандда энг аввало футбол инфратузилмасини яхшилаш, машғулот майдонлари кўпайтириш кераклигини айтиб ўтди.
- Самарқандда футбол инфратузилмасини яхшилаш лозим. Машғулот майдонлари бўлмаса, ёш футболчиларнинг ўсиб келиши қийин бўлади. Айнан шунга ҳам эътиборни кучайтириш керак. Бу муаммо фақат Самарқандда эмас, Тошкентда ҳам худди шу аҳвол. Футбол пойдевори яхшиланмаса, кейинчалик клубларда мен ёки Моуриньо келиб ишлайдими фарқи йўқ – натижа кўрсатиш қийин, - дейди Абрамов.
Мухлислар томонидан жамоа легионерлари – дарвозабон Милое Прекович ва Михайло Йованович 1-даврада яхши ўйин кўрсатгани, 2-даврада эса негадир уларга ишонч билдирилмаётгани ҳақидаги саволни ҳам мураббий жавобсиз қолдирмади.
- Жамоага келганимда улар ўйнамаётган эди. Йованович жароҳатидан кейин бугундан машғулотларга киришди, Прекович ҳам машғулотларда ишламоқда, кўрамиз, у ҳам асосий таркибга қайтиши мумкин, - деди мураббий.
Бундан ташқари, мухлислар ҳимоя ва дарвоза чизиғидаги қўпол хатолар ҳақида гапириб, таркибда ротация қилиш борасида савол беришди, мураббий эса ҳимоя чизиғи нозик нуқта бўлиб турганини тан олди ва ўзгаришлар қилиниши мумкинлигини билдирди.
Қизғин савол-жавоблар остида ўтган учрашувда «Динамо» бош директори Учқун Қобилов ҳамда Эркин Бойдуллаев, Михайло Йованович, Марат Бикмаев, Элгужа Григалашвили сингари тажрибали футболчилар ўз фикрларини билдириб, мухлисларга қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдирган ҳолда жамоа ва мухлислар бир кучга айланса, “Динамо”ни Суперлигада олиб қолиш учун охиригача курашишга ваъда беришди, - дейилади хабарда.