Ванга жумбоғи: у ростдан ҳам башоратчи эдими?

Болгариялик башоратчи Вангелия Гуштерова ўтган асрда ўзининг кароматгўйлиги билан донг таратди. У 25 йил аввал оламдан ўтди. Хўш, Ванга аслида ким эди, фавқулодда ғайритабиий қобилиятга эга инсонмиди ё бошқа хислатга эга аёл?

Қуйида “АиФ” (2021 й., 5-сон)да у ҳақида ҳикоя қилинган сартларни ўқиб, ўзингиз хулоса қиласиз.

Башоратчилик қобилияти Вангелия Гуштеровада 12 ёшида – қизалоқни қуюн гирдобига олиб 100 метрлар чамаси кўтариб кетганидан кейин пайдо бўлганди. Мўъжиза туфайли у омон қолади. Уни шох-шаббалар остида кўзлари қумга тўлган ҳолда топиб олишади. Кўриш қобилиятини тиклаб бўлмайди. У бир умрга ёруғ дунёни кўришдан маҳрум бўлади.

Аслида Ванга ким эди? Бир нарса аниқ: у ташриф буюрувчиларни алдаб, шу орқали пул топишга уринмаган. Бироқ болгар давлатининг миш-миш тарқатиб, одамларни ўз измида сақлаш хизмати уни башоратчи сифатида номидан кенг фойдаланди. Тарғибот шу даражага етдики, нафақат Болгарияда, балки бутун дунёда фавқулодда содир бўлган воқеа, ҳодисаларни одамлар Ванга башорати билан боғлаб ташлашди. Тарафдорлари “Фукусима” АЭС фалокатини, СССР тарқаб кетиши, Суриядаги фуқаролар уруши Ванга томонидан башорат қилинганлигини гапира бошлашди.

Болгария компартияси бош котиби Тодор Живков ўзининг келажак тақдирини билиш учун Ванга ҳузурига келади. У оддий сайёҳ қиёфасида ташриф буюради. Ванга унинг ўтмишини аниқ айтиб беради: “Сенинг дўстларингни ўлдиришган, сен ертўлада яшириниб жон сақлаб қолгансан”.

Живков ҳайратда донг қотиб қолади. Аслида бу сенсацияни болгар К25 – давлат хавфсизлик хизмати олдиндан Ванганинг ёрдамчиси орқали башоратчи қулоғига шипшитиб қўйганди. Кейинчалик 1967 йилда кампирни 200 лев маош билан давлат хизматчиси сифатида расмийлаштириб қўйишади. Болгария учун кампир ҳузурига кириш 10 лев, хорижликлар учун 50 АҚШ доллари қилиб белгилаб қўйилади. Ванга ҳузурига бутун дунёдан тақдирларини билиш учун мижозлар, сайёҳлар сувдай оқиб кела бошлайди.

Вангадан унинг қариндош-уруғлари, атрофдагилар ҳар қанча миннатдор бўлишса арзийди. Ҳаддан ташқари кўп ташриф буюраётган зиёратчиларга хизмат кўрсатиш орқали улар пул ишлаб олишарди. Башоратчининг икки қаватли қароргоҳига кириш нархи ҳозир ҳам 1 евро, эшик олди ташриф буюрувчилар билан тирбанд. Сўқир буви бугун бренд: футболкалар, тақвимлар, бошқа буюмларда сурати турибди.

“Ванга бизнинг нефтимиз”, деб ҳазиллашади Петрич қишлоғи аҳолиси.

Ҳаётлигида Ванга даромади билан қизиқмаган. Аммо теварак-атрофда яшовчилар унинг номидан усталик билан фойдаланишган, мамлакат ва чет элдан Вангани сўроқлаб келаётганлар шунчалик  кўп эдики, меҳмонхоналар, ресторанлар, атрофидаги уйлар ижарачилар билан тўлиб кетар, улар ҳафталаб, ойлаб кампир қабулига навбат кутишарди. Ҳатто, айрим меҳмонхона ходимлари, ижарачи уй эгалари ташриф буюрувчиларни гапга солиб, уларнинг нимага келгани, ўзлари ҳақидаги маълумотларни билиб олишар ва хизмат ҳақи эвазига Ванганинг хизматкорларига буни шипшитиб қўйишарди.

Ванганинг ҳузурига кирган ташриф буюрувчи ўзи ҳақида сўқир кампир ҳамма нарсани аниқ айтиб берганини кўриб ҳайратда қотиб қолганини тасаввур қилаверинг: “Буюк башоратчи, вали аёл экан!”.

“Ванга шубҳасиз кўп нарсани олдиндан ҳис этиш қобилиятига эга эди, - дейди уни ҳаётлигида яхши билганлар, – ва у ҳузурига келганларга тусмолларни қўшмай-чатмай, очиқ кўнгиллик билан айтар, айтганлари кўпинча тақдирларда ҳақиқат бўлиб чиқарди”.

Ванга билан узоқ йиллар бирга ишлаган собиқ ёрдамчиси Елена Милчева ҳам буни тасдиқлайди: “Аммо башоратчи ҳақидаги 99 фоиз маълумот уйдирма, у Сталинни вафот этиш кунини айтган эмас, СССРни тарқаб кетиши ҳақида ҳам гапирмаган. Суриядаги уруш, “Фукусима” атом электр станциясидаги фалокат ҳақида ҳам ҳеч нарса демаган. Буларни Ванганинг номини илоҳийлаштириш орқали мўмай пул ишлаб олганлар ўйлаб топишган. Бу ҳозир ҳам давом этяпти”.

Рупите қишлоғида Вангага қароргоҳ бўлиб хизмат қилган жой зиёратгоҳга айланган, сайёҳлар билан тўлиб тошган. Унинг ўнлаб башоратлари рўёбга чиқмади, аммо одамлар бу ҳақда ўйлашмайди. Ҳаммага уйдирма ва миш-мишлар жуда ёқади.

Т.Шомуродов тайёрлади.