Вақф ҳужжатларидан Мирзо Улуғбек расадхонасигача: Вяткиннинг кашфиёт йўли
Вяткин Самарқанд яқинидаги Улуғбек расадхонаси қолдиқларини топиб ва қазиш ишлари билан кенг танилди. Олим Самарқанддаги фаолиятини кўп сонли вақф ҳужжатларини ўрганишдан бошлаган.
Таниқли рус археологи, шарқшунос ва тарихчи олим Василий Вяткин Самарқанд статистика қўмитаси аъзоси сифатида кутубхоначи бўлиб ишлаган пайтларидаёқ, 1896 йилда ўлкашунослик ихтисослигидаги “Самарқанд статистика қўмитаси музейи” очилди. Кейинчалик у узоқ вақт давомида ушбу археология музейида директорлик қилди ва махсус музей биноси қурилишига рухсат олишга муваффақ бўлди.
XIX асргача Мирзо Улуғбек томонидан тузилган жадваллардан фойдаланиб келган Европа астрономлари буюк Амир Темур набираси астрономик кузатувлар ўтказиш учун Самарқанднинг қаеридадир катта расадхона қурганини эшитган, лекин бу гапларни кўпроқ афсона деб билган.
Самарқанд Россия империяси таркибига киритилгач, олимлар бу ривоятларга аниқлик киритиш мақсадида расадхона жойини аниқламоқчи бўлишди. Бу шараф Василий Вяткинга насиб этди. У вақф ҳужжатларини ўрганиш чоғида афсонавий Улуғбек расадхонасини излаш калитини топди.
Вяткин XVII асрга оид “Тал-и-рассад” ("Расадхона супаси") деган жой ҳақидаги ҳужжатга дуч келди. Тожик, ўзбек, форс тиллари ва араб ёзувларини яхши билган олим бу номларни ўша пайтдаги Самарқанд топонимлари билан қиёслаб, расадхона Оби Раҳмат ариғи ёнидаги тепалик остида яширинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Ариқнинг муборак сувлари Вяткин учун ҳақиқатан ҳам баракали бўлди. Қўшимча қазиш ишлари давомида бинонинг аниқ ўлчамлари аниқланди.
1903 йилда Самарқанд обидалари қўриқчиси этиб тайинланган олим ва давлат хизматчиси бу лавозимда тарихий биноларни ўрганиш ва асраб-авайлаш учун барча имкониятларни ишга солди. У тарихий мероснинг талон-торож қилинишига қарши кураша олди. Архивларда Вяткиннинг мансабдор шахсларнинг казармалар қуриш учун харобалардан ғишт олиш режаларига қарши норозиликлари қайд этилган, унинг норозиликлари туфайли Амир Темур мақбарасининг қопламаси Москва музейларига олиб кетиш режаси тўхтатилди.
Археолог сифатида олим қадимий Афросиёб шаҳарчасида ҳам қазишмалар олиб борган. Тадқиқотларининг асосий натижалари сифатида 1926 йилда “Самарқанднинг қадимий манзилгоҳи Афросиёб” номли асарида чоп этилган.
Вяткин давлат хизматчиси сифатида таълимни ривожлантириш учун бор кучини сарфлади. Унинг ташаббуси ва бевосита иштирокида Самарқанд музейига асос солинди, 1908 йилда Туркистонда маҳаллий аҳоли учун биринчи кутубхона очилди.
У Ўрта Осиё тарихини ўрганиш мақсадида “Бобурнома”, Муҳаммад Солиҳнинг “Самарқанд вилояти”, ан-Насафий ас-Самарқандийнинг “Кичик қандия”, Мир Тоҳир Хўжанинг “Самария” ва бошқа илмий аҳамиятли манбаларни рус тилига таржима қилган ва шарҳлаб берган.
Олим 1932 йилда Самарқандда вафот этди. 1934 йилда унинг қабри Улуғбек расадхонаси харобалари топилган жойга кўчирилиб, қайта дафн қилинди. Марҳумнинг васиятига кўра, у тўплаган, шахсий тасарруфида бўлган қадимий ашёлар тўпламлари Самарқанд музейига топширилган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.