Ватан ҳимоясини ҳаётининг мазмунига айлантирган ҳарбий хизматчи
Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш қоғозда ёзилган шиор эмас, балки ҳар бир ҳарбий хизматчининг доимий масъулиятидир.
Бу масъулиятни ҳаётининг мазмунига айлантирган фидойи ҳарбийлар борки, уларнинг фаолияти ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизонида хизмат қилаётган III даражали сержант Акбарали Равшанов ана шундай ҳарбийлардан бири.
Қаҳрамонимиз 1994 йилда Ургут туманида туғилган. 2014 йилда Қашқадарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтагач, Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги ҳарбий қисмда, кейин Жиззах гарнизонида ва 2018 йилдан буён Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмда хизмат қилиб келмоқда.
— Ҳарбий кийим кийган инсон юрт тинчлиги учун жавобгар эканини доим ҳис қилиб яшайди ва бу менга куч-ғайрат, шижоат бағишлайди, — дейди А.Равшанов. — 12 йиллик фаолият Ватан олдидаги бурч, тажриба, сабр ва масъулиятни ўргатди. Ҳарбий учун хизмат ҳушёрлик, жисмоний чидам, тезкор қарор қабул қилиш дегани. Тўғри, баъзан чарчоқ бўлади, аммо Ватан тинчлиги ҳақида ўйласанг, бу машаққатлар унутилади.
Акбарали Равшанов хизмати давомида ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган мусобақаларда ютуқларга эришиб келмоқда. У “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг яхши гранатомётчи”, “Энг яхши пулемётчи мутахассис”, шунингдек, Ҳиндистонда ўтказилган халқаро “Дўстлик–2” ўқув-амалий машғулот мусобақалари ғолиби бўлган.
— Инсон ўз меҳнати қадрланаётганини ҳис қилса, масъулияти ҳам ортади ва яхши натижалар кўрсатиш учун ҳаракат қилади, — дейди у. — Айтмоқчи бўлганим, хизмат қилиш учун барча имкониятлар бор. Замонавий бинолар, машғулот заллари, тиббий хизмат, кутубхона, ўқув майдонлари ҳарбийлар ихтиёрида. Эришган ютуқларим яратилган ана шундай имкониятлар натижасидир ва шу билан бирга бу Ватан тинчлигини ишончли ҳимоя қилиш масъулиятини юклайди.
Акбарали Равшановнинг Ватан ҳимояси йўлидаги фидокорона хизматлари эътироф этилиб, 2025 йилда “Жанговар фаолияти учун” III даражали кўкрак нишони билан тақдирланган. Айни пайтда у Самарқанд гарнизонида взвод гуруҳ сержанти лавозимида хизмат олиб бормоқда ва касбий маҳорати, интизоми билан ёш ҳарбий хизматчиларга намуна бўлиб келмоқда.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.