Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ватан мадҳ этилган ижод маҳсуллари ҳамиша таъсирли бўлган

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг янги бунёд этилган ахборот-кутубхона марказида “Маънавият ҳафталиги” тадбирлари доирасида “Шалола” ижодий клуби аъзолари иштирокида “Ватан мадҳи” деб номланган адабий кеча бўлиб ўтди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида ташкил этилган “Шалола” ижодий клуби ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли адиб ва шоирлар Барот Бойқобилов, Нормурод Нарзуллаев, Омон Матжон, Душан Файзий, Асад Дилмуродов, Нусрат Раҳмат, Ҳабиб Темур, Абулқосим Мамарасулов, Илҳом Ҳасанов, Карим Баҳриев, Исматилла Йўлдошевлар учун ўзига хос мактаб бўлган.

Ижодий клуб машғулотларида бундан қарийб 45 йил муқаддам фаол иштирок этган шоирлар - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари Ёр Муҳаммад ҳамда Жумагул Сувоноваларнинг мазкур адабий кечада чиқишлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

– “Шалола” машғулотларида бизлар бетакрор устоз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Нуриддин Шукуровнинг сабоқларини тинглаганмиз, бир қатор таниқли адиб ва шоирлар билан мулоқот қилганмиз, - деди Ёр Муҳаммад. – Айниқса, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон билан қилган суҳбатларимиз ҳамон ёдимда. Ижодкор мана шундай мулоқотлар, давраларда тобланади, қалами чархланади.

– Дарҳақиқат, шундай! Ижод йўли машаққатли йўл, - деди Жумагул Сувонова. – Ижод чуқур билим, меҳнат ва фидойиликни талаб қилади. Яна бир гап. Ижод соҳаси қандайдир алоҳида бир касб эмас. Айтайлик, иқтисодчи, ҳуқуқшунос, математик, агроном ёки врач ҳам бемалол шеър ёзиши мумкин. Адабиёт тарихида бунга ўнлаб мисоллар бор. 

Учрашувда шоир Ёр Муҳаммад ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Самимий мулоқот жўшқин мушоира билан давом этди. “Шалола” ижодий клубининг аъзолари Муштарийбегим Исмоилова, Сардор Абдуллаев, Севинч Зокирова ва бошқалар ижодкор ёшлар учун юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида гапириб, ўзларининг баҳор, муҳаббат, Ватан, она ҳақидаги янги шеърларидан намуналар ўқиди.

Дилафрўз Жабборова,

филология фанлари номзоди.