Тадбиркорлар муаммоси тингланди, айрим масалалар жойида ҳал қилинди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Ҳукумат комиссиясининг вилоятимиз тадбиркорлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда тадбиркорлар Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев, Бизнес-омбудсман Д.Қосимов ва вилоят ҳокими Э.Турдимовга ўзларини қийнаётган электр энергияси, табиий газ, кредит олиш, инфратузилмани яхшилаш каби масалалар юзасидан мурожаат қилди.

Масалан, Нуробод туманидаги “Мароқанд цемент инвест” қўшма корхонаси вакили табиий газ етишмовчилиги борасида ўз муаммосини билдирди.

- Корхонамиз учун ойига 500  минг куб метр табиий газ лимити ажратилган, - дейди тадбиркор Раҳмон Аҳроров. – Лимитни 10 кунда ишлатиб бўлиб, қолган 20 кун ишламасдан турибмиз. Шу боис, лимитимизни 1,5 миллион куб метрга ошириш борасида амалий ёрдам беришларингизни сўрайман. Биз Хитойга янги кўмирга мослашган ускуналар учун буюртма берганмиз. Ускуналар етиб келиб, ўрнатиб ишлатгунимизча, яъни жорий йил декабрь ойигача оширилган лимитда газ берилса, кейин биз доимий тўлиқ кўмирда ишлашга ўтамиз.

Маълумот учун, ҳозирда вилоятимизда 4 та цемент ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда.

Соҳа масъуллари тадбиркорнинг илтимосини ҳозирча қондиришнинг имкони борлигини, агар тегишли вазирликдан қўшимча лимит берилса, корхонага белгиланган муддатгача эҳтиёжига етарли миқдорда газ берилишига ваъда берди.

- Лимит деган нарсадан воз кечишимиз керак, чунки тадбиркорнинг ишлаб чиқариш қуввати ҳам, газ сарфи ҳам аниқ, лимит эса қайсидир тадбиркорни манфаатини чеклаш бўлади, - деди вилоят ҳокими. – Шу боис, барча тадбиркорларга бирдек таъминот қилиш керак. Бу, биринчидан, соғлом рақобатни яратади, қолаверса, ишлаб чиқариш сифатини ортишига хизмат қилади.