Венерада Қуёш ғарбдан чиқиб, шарққа ботади
Венера - (арабларда Зуҳро) Қуёшдан иккинчи сайёра ҳисобланади. У Ернинг энг яқин қўшниси, ўлчами, таркиби ва оғирлик кучи ҳамда Қуёшдан узоқлиги Ерникига ўхшаш бўлган сайёра. Шу боис Венерани кўпинча Ернинг эгизак синглиси, деб ҳам аташади. Лекин амалда Венера Ердан кескин фарқ қилади.
Венера аёлларнинг севги тимсоли бўлиб, қадимги римликларнинг севги худоси номи билан аталган. Қуёш тизимидаги қолган барча сайёраларга эркак жинсидаги худолар номи берилган.
Нега Венерани сирли сайёра дейишади?
Венера космосга учишлар даври бошлангунича энг сирли сайёра ҳисобланиб келинган. Чунки у тўғрисида жуда кам маълумотлар мавжуд бўлган. Бунга унинг сиртининг қуюқ булутлар билан қопланганлиги сабаб бўлган. Бу булутлар сулфат кислотадан иборат бўлганлиги учун Қуёш нури сайёра сиртигача етиб бормай, унинг атмосферасидан қайтади. Шунинг учун унинг сиртини кўриб бўлмайди ва Венера ярқираб эрта тонгда шарқ томонда, кечқурун ғарб томонда кўриниб туради. Уни Зуҳро юлдузи, деб атаймиз.
Венера атмосфераси қанчалик ўрганилган?
Венера атмосфераси Ерникидан юзлаб маротаба зич ва қалин (унинг қалинлиги 60 километрга етади) бўлиб, асосан карбонат ангидриддан (95 фоиз) ва 3,5 фоизини азот ташкил этади. Қуёш Венера сиртини Ой Ер сиртини ойдин кечада ёритганидан камроқ ёритади. Лекин шунга қарамасдан, Венера сирти шунчалик қизиб кетадики, ундаги температура 500 градусгача кўтарилади. Бунга асосий сабаб атмосферадаги карбонат ангидрид ва сув буғлари томонидан юзага келтирилган парник эффекти ҳисобланади. Бу сайёрада ҳаво босими 92 атмосферани ташкил этади.
Нега Венера Меркурийга нисбатан қайноқроқ ҳисобланади?
Венера Ер атмосферасига нисбатан қалинроқ атмосферага эга бўлган сайёрадир. Унинг атмосфераси асосан карбонат ангидриддан иборат. Бу парник эффектини юзага келтириб, сайёрада катта миқдордаги иссиқликни тутиб туради. Шунинг учун Меркурий Қуёшга Венерага қараганда яқинроқ бўлишига қарамасдан, Венера Меркурийга нисбатан қайноқроқ ҳисобланади.
Нега Венеранинг куни йилига нисбатан узунроқ бўлади?
Венера орбитаси бўйлаб тез ҳаракатланади ва Қуёш атрофида 225 Ер кунида бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Ўз ўқи атрофида эса жуда секин ҳаракатланади ва тахминан 243 кунда бир марта айланиб улгуради. Шунинг учун Венеранинг кунлари йилига нисбатан узунроқ бўлади.
Венера ўз ўқи атрофида қандай айланади?
Венера ўз ўқи атрофида жуда секин айланади. Иккинчидан, барча сайёралар ғарбдан шарққа қараб айланса, Венера қарама-қарши йўналишда ўз ўқи атрофида айланади. Натижада Венерада Қуёш ғарбдан чиқиб, шарққа ботади. Балки Венерада жуда катта қоя бўлса керакки, уни ўз ўқи атрофида тескари айланишга мажбур қилади.
Венерада вулқонлар борми?
Вулқонлар Ердагига нисбатан Венерада кўпроқ. Сайёра сатҳининг қарийб 80 фоизи ясси вулқонли текисликлардан иборат.
Унда иккита тоғ тизмаларида фаол бўлиши мумкин бўлган вулқон мавжуд. Шулардан биттаси Максвел Монтес чиққисида сайёра сатҳидан 11 километр баландликда жойлашган (Кавказдаги Эверест тоғининг денгиз сатҳидан баландлиги 8848 метрдир).
Венерани космик аппаратлар билан ўрганиш қачон бошланган?
Венера космик аппаратлар ёрдамида жуда жадал ўрганилган. Биринчи бор СССР томонидан 1961 йили 12 февралда «Венера-1» космик аппарати Венерага учирилган. Лекин бу миссия муваффақиятсиз якунланган. «Венера-1»дан тортиб «Венера-15»гача, «Вега», «Маринер», «Магеллан» ва ҳоказо космик аппаратлар ва зондлар орқали Венера сирти атрофлича тадқиқ қилинган.
СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.