Вилоят аҳолисининг 58,9 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган

Бугунги кунда вилоят аҳолисининг 2,3 миллион нафари (58,9 фоиз) тоза ичимлик суви билан таъминланган. Жами 5120 километр ичимлик суви тармоғининг 1077 километри ёки 21 фоизи таъмирталаб аҳволда. 1899 та сув қудуғидан 615 таси, 1689 та сув иншоотдан 542 таси, 89 та сув сақловчи резервуарлардан 16 таси таъмирга муҳтож. Бу ҳақда «Самарқанд сув таъминоти» маъсулияти чекланган жамияти директори Комил Юсупов журналистларга маълум қилди.
Вилоятдаги 1 100 та маҳалланинг 368 таси марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 555 таси қисман таъминланган. 177 тасининг аҳолиси кундалик ҳаётида булоқ, сой, қўлбола босма кран ва ташиб келтирилувчи ичимлик сув манбаларидан фойдаланаиб келмоқда.
- Аҳоли хонадонларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув таъминотини яхшилаш бугунги куннинг муҳим вазифалардан ҳисобланади, -дейди Комил Юсупов. - Бу йўналишда асосий эътибор аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши паст даражадаги ҳудудларга қаратилади. Жумладан, жорий йилда Оқдарё туманида 13 та, Иштихон туманида 37 та, Нуробод туманидаги 17 та, Жомбой тумани 14 та, Каттақўрғон туманидаги 40 та, Нарпай туманидаги 17 та, Қўшрабод туманидаги 8 та, Паст Дарғом туманидаги 20 та аҳоли яшаш пунктлари тоза ичимлик суви билан таъминланади. Бунинг натижасида, вилоят бўйича 57,9 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади. 135,1 минг нафар аҳоли эса илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади. Оқова суви билан таъминланиш даражасида 15,3 фоиздан 18,1 фоизга ошишига имкон яратилади.
Тадбирда Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган “Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари оқава сув тозалаш иншоотлари ва оқава тизимлари реконструкцияси” лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот бериб ўтилди.
Жорий йилнинг 1 мартига қадар ниҳоясига етадиган мазкур лойиҳа бўйича 139 минг м3 суткали ва 3 минг м3 суткали 2 та оқава сувларни тозалаш иншооти реконструкцияси, 5 та оқава сув насос станцияси ҳамда 93,2 километр оқова сув тармоғи қурилади. Натижада Самарқанд шаҳрида 80 минг нафардан ортиқ аҳоли оқова хизматларидан баҳраманд бўлади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.