Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 17 июндан фаолиятини бошлайди
Хабарингиз бор, айни кунларга қадар Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида вилоятда коронавирусга чалинган беморлар даволанаётган эди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари билан бир қаторда марказнинг тажрибали шифокорлари, тиббиёт ходимлари ҳам коронавирусга чалинган беморларни даволашда фидойилик кўрсатиб, вилоятда ушбу хасталикка чалинган беморлар сонининг камайишига муносиб ҳисса қўшишди.
Бугунги кунда вилоятда вирусга чалинган беморлар сони кескин камайиб, жорий йилнинг 14 июнь ҳолатига Самарқандда аниқланган 387 нафар беморнинг 351 нафари, яъни 91 фоизи даволаниб чиққан. Афсуски, шу пайтга қадар вилоятда 2 нафар бемор ушбу хасталикдан вафот этган.
Беморлар ҳамда янги касалланиш сони камайгани туфайли айни пайтда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ўз фаолиятини давом эттириши белгиланди.
- Шу йилнинг 17 июнидан бошлаб марказ ўз фаолиятини бошлайди, - дейди Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов. – Айни кунларда марказдаги ҳар бир бўлимда тўлиқ, кучайтирилган тарзда дезинфекциялаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ишлар амалга оширилгач, бино ҳамда жиҳозлар тўлиқ зарарсизлантирилгач, тиббиёт муассасамиз фаолиятини қайта бошлайди. Коронавирусга чалинган беморларни даволашда иштирок этган тиббиёт ходимлари ўн тўрт кунлик карантиндан сўнггина иш юритади. Унга қадар бошқа ходимлар ўз ишини давом эттиради. Марказга даволанишга келувчилар ўз ҳудудига тегишли тиббиёт муассасасининг йўлланмаси билан келиш талаб этилади.
Гулруҳ МЎМИНОВА.