Вилоят ҳокими Э.Турдимов хотин-қизларни Халқаро қишлоқ аёллари куни билан қутлади

Халқаро қишлоқ аёллари куни Самарқанддаги барча чекка маҳаллаларда нишонланди. Маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди, пахта далаларида учрашувлар, концерт дастурлари намойиш этилди, спорт мусобақалари, танловлар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Пахтачи туманидаги қишлоқ аёллари билан учрашиб, уларни байрам билан қутлади. Пахта даласида ўтган учрашувда қишлоқ хотин-қизларига, илғор теримчиларга вилоят ҳокимининг совғалари топширилди.

***

Кеча, 15 октябрь пайариқлик хотин-қизлар учун ҳам ҳақиқий маънода байрамга айланди. Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан пахта далаларида, маҳаллаларда турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди. Юз нафарга яқин теримчиларга совға-саломалар улашилди.

- Халқаро қишлоқ аёллари кунидан айланай, - дейди Каромат она Давирова. - Энди шунақа байрам ҳам ташкил этилибдими. Юртимизга кўз тегмасин. 80 ёшни қаршиладим. 11 нафар фарзандни вояга етказдим. Ҳаммасини ўқитдим, элга қўшдим. Ҳозир элликдан зиёд невара-чеваралар оғушида умургузаронлик қилаяпман. Бундан ортиқ бахт борми?!

- Бир пайтлар маҳалла маслаҳатчиси ҳашарга борсинми, металлом йиғсинми, қайси бирига бўлсин, деган гаплар билан чиққан эдик, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Мамасолиева. -  Президент фармонига кўра, маҳалла маслаҳатчиларининг ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Бу қишлоқ аёллари билан ишлашда қўл келаётир. Бундай мутахассисни ташкил этишдан мақсад оилаларни мустаҳкамлаш, керак бўлса, зарур чора-тадбирлар белгилашдан иборат.

***

Паст Дарғом туманининг энг чекка ҳудудида жойлашган Қоқсой маҳалласи аёллари билан учрашув ўтказилди. Тадбирда 200 нафардан ортиқ маҳалла фаоллари, қишлоқ аёллари иштирок этди. Пахта йиғим-теримида фаоллиги билан хирмонга ўз ҳиссасини қўшаётган илғор 15 нафар теримчи аёлларга туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан совғалар тақдим этилди. Туман маданият уйи санъаткорлари томонидан концерт дастури уюштирилди, қишлоқ аёллари ўзлари тиккан меҳнат маҳсулотларининг кўргазмаси бўлиб ўтди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.