Вилоят ҳокими оқдарёлик битирувчилар билан дилдан суҳбатлашди

Бугун вилоятимиздаги умумтаълим муассасаларида "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари ўтказилмоқда. Оқдарё туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабини битираётган ўғил-қизлар учун тадбир янада унутилмас, бир умр ёд этишга арзигулик бўлди.

Мактабга вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Оқдарё тумани ҳокими Нажмиддин Сулаймонов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева ва бошқа раҳбарлар битирувчиларни табриклаш учун келди. Тадбир расмийликдан холи, битирувчилар ва раҳбарларнинг жонли мулоқоти, унутилмас учрашувига айланди.

Вилоят ҳокими битирувчиларга Президентимиз табригида билдирилган ният, мақсадларни алоҳида таъкидлади, улар билан дилдан суҳбатлашиб, орзу-мақсадлари, қизиқишлари билан ўртоқлашди.

Тадбирда бир гуруҳ педагог ва ўқувчиларга ташаккурномалар топширилиб, қимматбаҳо совғалар берилди.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.