Вилоят ҳокими ўринбосари сайёҳларга қулай шароитлар яратиш масаласини муҳокама қилди

Самарқандда хорижлик сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ 2025 йилда вилоятда туризм хизматлари экспорти 606 миллион долларга етди. Шу даврда 8 миллион нафардан ортиқ сайёҳ Самарқандга ташриф буюрган.

Меҳмонларнинг 3 миллион нафардан ортиғи хорижий, 5,3 миллион нафари маҳаллий сайёҳ ҳисобланади. Сайёҳларнинг қолиш кунлари 2,5 кундан уч кунга узайган.

Вилоятимизга ташриф буюрувчи сайёҳларга янада қулай шароитлар яратиш бугун яна кун тартибига чиқди. Шу мақсаддан келиб чиқиб, вилоят ҳудудидан ўтувчи автомагистрал йўллар бўйида туристик хизматлар кўрсатишни ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Р.Қобилов бошқарган йиғилишда йўлбўйида жойлашган автомобилларга газ ва ёқилғи қуйиш станциялари ҳудудида қонунчилик талабларига мувофиқ савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, тез овқатланиш шохобчалари ва бепул WI-FI зоналари ташкил қилиш тавсия этилди. Шунингдек, мазкур шохобчаларда жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари қуриш лозимлиги таъкидланди.

– Вилоят ҳокимлиги ва "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси, шунингдек тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда автомагистрал йўл ёқасидаги жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчаларининг санитария-гигиена шохобчаларини мавжудлиги ҳамда санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари талабларига мувофиқлиги бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, - дейди "Санэпидқўмита" Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Латиф Рустамов. – Ҳозирда вилоятимиз ҳудудида 500 га яқин аҳолига ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Шулардан 106 таси вилоят ҳудудидан ўтувчи автомагистрал йўл ёқасида жойлашган. Ишчи гуруҳ барча шохобча эгалари бўлган юридик шахсларга аниқланган камчиликлар бўйича тавсиялар бериб, мавжуд камчиликни бартараф этиш учун топшириқлар бермоқда.

Йиғилишда магистрал йўл ёқасидаги аҳолига ёқилғи қуйиш шохобчаларида қисқа муддатда хорижий ва маҳаллий туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ишлар амалга ошириш лозимлиги белгиланди.