Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазирликдан нега ҳайфсан олди?

Бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар бир мурожаатини алоҳида назоратга олиш ва ҳар бири билан индивидуал ишлаган ҳолда имкон қадар аҳоли розилигини таъминлашга ҳаракат қилиб келинмоқда.

Бу жараёнда, айниқса, мурожаатларни кўриб чиқиш сифатига эътибор қаратиш билан биргаликда уларни кўриб чиқиш муддатлари бузилмаслигига ҳам жиддий эътибор берилмоқда.

Бунинг натижасида вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашиш оқибатида мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунда белгиланган муддатлари бузилишига йўл қўйганлиги учун вазирнинг тегишли буйруқлари билан Андижон (С.Юсупов), Жиззах (О.Маҳмудова), Наманган (А.Иминов), Самарқанд (Д.Жуманиязов) ва Сурхондарё (К.Абдувоҳидов) вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига ҳайфсан эълон қилинди.

Бугунги кунда мурожаатларни кўриб чиқишга нисбатан муносабат тубдан ўзгармоқда. Бунинг натижасида уларни қуйи идораларга юбормасдан, вазирликнинг ўзида бузилган ҳуқуқлар қонун доирасида тикланиши таъминлаб келинмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли “Ихтисослаштирилган автотранспорт” давлат корхонаси раҳбарининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, бир гуруҳ ходимлар вазирликка мурожаат қилди.

Унда корхона раҳбарининг 2020 йил 26 декабрдаги 133-сонли буйруғига асосан, ушбу муассасанинг автомобилларни таъмирлаш бўлими автослесари Ю.Д., маъмурий бошқарув бўлими автомобилларни таъмирлаш бўлими муҳандиси Б.И., маъмурий бошқарув бўлими АКБ муҳандиси М.Н., маъмурий бошқарув бўлими бош муҳандиси Ҳ.Н., Самарқанд тумани тез тиббий ёрдам бўлими автокарвон бошлиғи А.О., Самарқанд шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими автокарвон бошлиғи А.И., маъмурий бошқарув бўлими иқтисодчиси Ж.Х., маъмурий бошқарув бўлими кадрлар бўлими бошлиғи Г.Р., маъмурий бошқарув бўлими маош ҳисобчиси С.Ш., маъмурий бошқарув бўлими катта механиги А.С. билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддасига мувофиқ бекор қилинганлигидан норозилик билдирилган.

Мурожаат юзасидан бевосита вазирликнинг ўзи томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда Меҳнат кодексининг 101-моддаси талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.

Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли кўрсатмаси асосида амалдаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда чиқарилган юқоридаги буйруқ бекор қилиниб, ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди ҳамда ғайриқонуний буйруқ чиқарилишида айбдор бўлган корхона раҳбарига нисбатан тегишли интизомий жазо чораси қўлланилди.

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўрин берилган. Асосийси, ҳар бир раҳбар, ҳар қайси мутасадди шахс бугун мамлакатимизда аҳолини қийнаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш, халқ дардига шерик бўлиб, ташвишларини енгиллаштириш муҳим вазифаларидан бири эканини чуқур англаб етмоғи лозим, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими ахборотида.