Коронавирус сабабли “Хаваси” вақтинча ёпилди
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали (халқ тилида “Хаваси”)да даволанаётган беморлар ва тиббиёт ходимларида COVID- 19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли марказнинг фаолияти 2020 йилнинг 19 май кунидан бошлаб вақтинча тўхтатилди.
Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра, филиалда дезинфекция ва ювиш ишларини амалга оширилиши сабабли бу ерда даволанаётган 67 нафар бемор Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббий маркази Самарқанд филиалига ўтказилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали фаолияти қайта йўлга қўйгунига қадар вилоят аҳолисига қуйидаги шифохоналарда вақтинча шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади:
- травматологик ва нейрохирургик (реанимацияси билан) тиббий хизматлар - Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббий маркази Самарқанд филиалида;
- хирургия, урология, гинекология, ЛОР, педиатрия, терапия ва реанимация хизмати - СамМИ 2-клиникасида;
- комбустиология (куйиш) тиббий хизмати - Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасида;
- токсикология ва ЭКД хизмати - вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида.
Бундан ташқари, вилоят кардиология диспансери, вилоят ногиронларни реаблитация қилиш ва протезлаш маркази ҳамда вилоят кўз касалликлари шифохонасида шаҳар аҳолиси орасида коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар билан бирламчи контактда бўлган фуқаролар карантин назоратига олиниши маълум қилинди.