Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳавонинг кескин совуши ортидан аҳолига мурожаат билан чиқди

Бошқарма мурожаатида совуқ кунларда қандай ҳаракатланиш, совуқдан зарар кўрмаслик учун нималарга эътибор қаратиш кабилар юзасидан тавсиялар берилган.
“Хабарингиз бор, 10-15 январ кунлари мамлакатимизга совуқ ҳаво кириб келиши натижадасида аномал совуқ кузатилиши бошланди. Бунда ҳаво ҳарорати кечалари -12-17 даража, шимолда тунда -17-22 даража бўлиши мумкин.

Шу боис, ўз саломатлигингизни асрашингиз учун совуқ ҳавода қолганда ва аномал ҳароратнинг зарарли оқибатларидан асранишда қуйидаги тавсияларга амал қилишингизни сўраймиз.

-Аномал совуқ кунлари зарурат бўлмаганда ташқарига чиқамаслик, очиқ ҳавода камроқ бўлиш, айниқса, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилади;
-Агар сиз совуқда қолсангиз тинмай ҳаракат қилинг. Бир жойда туриш, суяниш ёки совуқ жойга ўтириш мумкин эмас;
-Совуқ қотишнинг олдини олиш учун кўчага чиққанда иссиқ ва қалин кийимлар кийиш лозим. Бунда, қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим;
-Бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш лозимлигини унутманг;
-Совуқдан уйга кирган заҳоти иссиқ душ қабул қилманг. Аввал, оз-оздан иссиқ чой ичиш тавсия этилади;
- Аномал совуқда алкоголь ва тамаки истеъмол қилишдан воз кечган маъқул. Боиси, бу зарарли одатлар қон томирларини кескин торайтириб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин;
-Қаттиқ совуқ ҳаво инсон терисини ҳаддан ортиқ қуритиб юборади. Шу боис кўчага чиқишдан олдин терига таркибида сув бўлган дори воситаларини эмас, балки, ёғли кремларни суртиш тавсия этилади;
-Совуқ кунлари эрталаб нонушта қилиш шарт. Чунки, оч қолиш тананинг тез музлаши ва иммунитет заифлашишига сабаб бўлади;
-Истеъмол қилинадиган таомлар калорияси иссиқ кунларга нисбатан 25-30 фоизга оширилиши мақсадга мувофиқ. Бунда, иссиқ ва суюқ овқатлар жуда фойдали хисобланади.
Совуқ уришини
-Терининг зиён етган қисмида қизариш, кейинчалик терининг оқариши ёки кўкариши;
-тери сезувчанлигини йўқолиши;
-терида қичиш пайдо бўлиши ва қизиши;
-тананинг совуқ таъсир қилган қисмида суюқликка эга пуфакчалар пайдо бўлиши каби аломатлар кузатилиши орқали ҳам билиш мумкин.
Бу каби ҳолатлар кузатилганда дарҳол шифокор билан боғланиб уларнинг керакли маслаҳатини олинг.

Ҳурматли юртдошлар, азиз самарқандликлар!
Унутманг, аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, айниқса, болалар ва кексаларни совуқдан ҳимоялаш ўзингиз ва яқинларингиз соғлигини асрашда муҳим рол тутади!” дейилади мурожаатда.