Вилоят тиббиётида янгиланишлар: 670 та янгиклиника, замонавий амалиётлар, электрон тизимлар

Соғлиқни сақлаш тизими кейинги йилларда, қисқа фурсатда катта бир довонни босиб ўтди. Бу шундай довонки, уни соҳанинг жуда кўп мутахассислари узоқ йиллар интиқ кутган, даволанишдаги самарадорлик кўрсаткичлари яхшиланишига умид қилган, давлатнинг мукаммал ислоҳотига муҳтож бўлган.

Айнан шундай ислоҳот тизимни тўлалигича қамраб олган ҳолда амалга оширилди ва ўз натижаларини берди. Аввало, ажратилаётган бюджет маблағларининг кўпайтирилгани, хусусий секторга кенг йўл очилаётгани туфайли соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Хизматлар тармоғи кенгайиб, соғлом рақобат муҳити шаклланди, сифат ва самарадорлик ошмоқда. Диагностика ва даволаш амалиётига илғор замонавий технологиялар жорий этилмоқда.

 

Бир кунда 4200 та чақириқ

Бугун барча ижтимоий хизматлар қатори тиббиётни ҳам халқимизга янада яқин қилиш учун малакали даволаш ва профилактика тизимини хонадонларгача олиб кириш чоралари кўрилмоқда.

Шу мақсадда бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолияти янгиланмоқда. Ушбу бўғинда биринчи навбатда касалликларнинг олдини оладиган, уларни келтириб чиқарадиган сабабларга қарши курашадиган механизмларни жорий этиш бошлангани ҳам шундан далолатдир.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишни маҳаллабай, манзилли ва аниқ мақсад асосида таъминлаш бўйича янгича тажриба қўлланилмоқда. Тизимда “Электрон поликлиника”, “Электрон рецепт” дастурлари жорий этилмоқда. Бунинг учун патронаж ходимлар халқаро стандартлар асосида ўқитилмоқда.

Тез тиббий ёрдам тизими автоматлаштирилган электрон бошқарувга ўтказилиб, хорижда ишлаб чиқарилган махсус замонавий автомобиллар билан таъминланди.

Бугунги кунда вилоятимизнинг 4 миллион 260 минг аҳолисига 323 та тез тиббий ёрдам бригадаси хизмат кўрсатмоқда. Бир суткада ўртача 3500–4200 та чақириқ қабул қилиниб, йиллик чақириқлар сони 1,3 миллионга яқинлашмоқда. Бригадалар босқичма-босқич замонавий реанимобиллар билан таъминланмоқда. Барча чақириқлар ягона электрон Call-марказ орқали қабул қилиниб, бригадалар планшетлар билан таъминланган. Қоғозбозлик тугатилиб, автоматлаштирилган тизим жорий қилинди. Шунингдек, Call-марказда махсус навбатчи врач ва психологлар томонидан телефон орқали беморларга маслаҳатлар берилади.

Филиал қошида ўқув симуляцион марказ ташкил этилиб, амалий машғулотлар мунтазам ўтказилмоқда.

Хорижга ёки пойтахтга даволаниш учун борадиганлар икки баравар камайди

Бугун ихтисослашган тиббий хизмат самарадорлиги тобора ортиб бормоқда. Илгари Тошкентдаги тиббиёт марказларида амалга оширилган 320 турдаги юқори технологик операциялар ўтган йил вилоятда 3400 нафар беморда бажарилди. 

Биргина мисол, вилоят аҳолисининг узоғини яқин қилиш мақсадида “Мобил ангиограф” текширувлари йўлга қўйилиши натижасида ҳудудларда 6677 нафар фуқаро коронарография текширувидан ўтказилди, касаллик аниқланган 754 нафар беморда тож артерияларни стентлаш ва 300 нафарида юракда очиқ операциялар маҳаллий бюджет ва давлат суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўтказилди.

Вилоят даражасида 3 нафар беморда аутологик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси, 23 нафар беморда жигар трансплантацияси ва 125 нафар беморда буйрак трансплантацияси операциялари муваффақиятли ўтказилди. Бунгача бу беморлар чет элларда ёки пойтахтда навбат кутиб, қийналиб операция қилдирар эди.

Яна бир янгилик: вилоятда қарийб 1,5 миллиард сўмга электрон микроскоп харид қилиниб, 35 нафар беморнинг эшитиш қобилияти тикланди ва ногиронликдан чиқарилди. Яна кўплаб беморлар тез орада эшитишдаги нуқсондан фориғ бўлади.  

 Икки йилда 670 та янги клиника

Бугун соҳада янги-янги хизматларни йўлга қўйиш орқали муассасаларнинг ҳам моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Вилоятимизда сўнгги икки йилда 670 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиб, 80 турдаги янги хизмат турлари жорий этилди.

Қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган дўстона муносабатлар натижасида хусусий тиббий марказлар томонидан 8 минг нафар хорижлик фуқарога тиббий хизматлар кўрсатилиб, бу борадаги хизматлар экспорти 1 миллион долларни ташкил этди. Давлат муассасалари томонидан 6 мингдан зиёд чет эллик бизнинг клиникаларимизда даволаниб чиқди ва 11 миллиард сўм маблағ тушуми амалга оширилди.

Ҳали олдинда...

Бугун тизимда амалга оширилиши кутилаётган жуда катта лойиҳаларимиз бор. Жумладан, 120 нафар шифокор чет элда ўқитилиши, 10 турдаги янги юқори технологик амалиётлар ўзимизда жорий қилиниши режалаштирилган. Ўндан ортиқ турдаги янги диагностика ва даволаш усуллари йўлга қўйилади.

Туманларда жойлашган 21 та оилавий шифокорлик пункти ва 7 та оилавий поликлиникалар таъмирдан чиқарилади. Япония ва туркиялик инвесторлар иштирокида вилоятда 800 ўринли замонавий шифохона барпо этилади.  

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида “Инсультология” маркази ташкил этиш мақсадида ангиограф мосламаси ўрнатилади. “STD Helthmed” клиникасида эса робототехнология асосида жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйиш кутилмоқда.

Албатта, барчамизнинг биргаликдаги меҳнатимиз маҳсули бўлган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Яқинда давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этишга оид қарор имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, тизим доирасидаги бепул тиббий хизматлар ва дори-дармон харажатлари давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан қопланиши белгиланди.

Суҳроб Зайниев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.