Вилоятда энг кўп юқумли касаллик болаларда аниқланган
Санитария ва гигиена қоидаларига амал қилмаган мингдан зиёд боғча ва мактаб масъуллари жаримага тортилган.
Бу ҳақда вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан уюштирилган пресс-турда маълум қилинди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда рўйхатга олинган 39 турдаги юқумли касалликлардан 15 тури қорин тифи, пататифлар, куйдирги, кўк йўтал, бўғма, шол, менингит, қизилча, қутуриш, тепки, безгак, грипп ва бошқа ўта хавфли юқумли касалликлар рўйхатга олинмаган. 16 турдаги сальмонеллёз, ўткир юқумли ичак касалликлари, бруцеллёз, ОИТВ/ВИЧ, скарлатина, сув чечак, вирусли гепатитлар, гепатит вирусини ташувчилар, сурункали гепатитлар, ўткир ркепиратор вирусли инфекциялар, сил касаллиги, трихофития, педикулёз, энтеробиоз, шифохона ичи инекциялари, ковид касалликлари эса 41 фоизга камайган. Афсуски, етти турдаги қизамиқ, захм, сўзак, қўтир, тениаринхоз, лейшманиоз, геминолепидоз касалликлари ошган.
- Аҳоли ўртасида тарқалиши мумкин бўлган эпидемия ва юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида миллий эмлаш календар режаси асосида 13 турдаги юқумли касалликка қарши 97 фоиз аҳоли эмланди, - дейди вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Латиф Рустамов. - Жумладан, паразитар касалликлар жорий йилнинг ўтган даврида 10 минг 963 тани ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2114 та ҳолатга камайган. Шунингдек, 9854 ҳолатда вирусли гепатит қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 23 фоиз кам кузатилган. Бироқ вирусли гепатитга қарши вакцинациялаш миллий эмлаш дастурига киритилмаган ҳамда мактаб ва боғчалардаги ҳожатхоналар, қўл ювиш мосламалари санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Шу боис бу ёшдаги болаларда вирусли гепатитнинг “А” тури кўп учраяпти.
Шу йил болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўйича 759 та мактабгача таълим ташкилотида текширув ўтказилиб, санитария-гигиена талабларига мос бўлмаган 528 та боғча ҳамда текширилган 1060 та умумтаълим муассасасидан 520 та мактаб раҳбарига жарима чораси қўлланилди.
Пресс-тур давомида бошқарма тасарруфидаги радиология, иммунопрофилактика бўлимлари, вирусология, бактералогия, санитария-гигиена лабораториялари ҳамда медиа марказ фаолияти билан ҳам танишилди.