Виза учун дипломатик ваколатхонага бориш керакми?
Самандар ТЎХТАЕВ,
Тойлоқ тумани.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 июлда имзоланган "Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш тартибларини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида бу ҳақда айтиб ўтилган.
Ҳозирги вақтда E-visa.uz сайти орқали хорижий сайёҳларга электрон виза бериш тартиби жорий этилган. Яъни, Ўзбекистонга сайёҳлик мақсадида келишни истаган фуқаролар виза олиш учун дипломатик ваколатхонага мурожаат қилишлари шарт эмас.
Электрон виза сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга келаётган фуқароларга 30 кун давомида Ўзбекистонда бўлиш ҳуқуқини беради. Юқоридаги сайт орқали юборилган мурожаатлар 2 кун ичида кўриб чиқилади. Электрон виза хизмати учун 20 АҚШ доллари миқдорида тўлов қилинади.
Бу имкониятдан дунёнинг 101 давлати фуқаролари, жумладан, хитойликлар фойдаланиш имконига эга.
Саволга Туризмни ривожлантириш
департаменти вилоят бўлими мутахассиси
Сардор МаҲматмуродов жавоб берди.