Владимир Соловьёвнинг риторикаси нега хавфли?
Фикримча, россиялик телебошловчи Владимир Соловьёвнинг Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонга нисбатан таҳдидомуз баёнотлари тасодифий ҳолат эмас.
Аксинча, улар Россия жамоатчилигининг муайян қисмида шаклланган қарашларни очиқ-ойдин ифода этади.
«Таъсир доираси»ни сақлаб қолиш учун ҳатто куч ишлатиш эҳтимолини назарда тутувчи бундай риторика замонавий халқаро муносабатлар мантиғига мутлақо зиддир. У давлатлараро муносабатларда ҳамкорлик ва ўзаро манфаат тамойилларини инкор этиб, бўйсундириш ва босим логикасини илгари суради. Амалиёт шуни кўрсатадики, бундай ёндашув давлатнинг халқаро мавқеини мустаҳкамламайди, аксинча, уни заифлаштиради.
Албатта, Владимир Соловьёвнинг ушбу баёнотлари Россия Федерациясининг расмий позициясини акс эттирмаслиги ҳаммага маълум. Шунга қарамай, бундай чиқишлар давлатлар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, миллионлаб одамларнинг иззат-нафсига тегади ва ўзаро ишончнинг узоқ муддатли йўқолишига сабаб бўлади. Шу боис, давлат манфаатлари нуқтаи назаридан, оммавий ахборот воситаларидаги бундай радикал чиқишларга аниқ чегара қўйилиши мақсадга мувофиқ. Умид қиламизки, Россиянинг ҳукумат идоралари бундай чиқишларнинг олдини олиш чораларини кўради.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда Марказий Осиё Россия учун муаммо эмас, балки барқарорлик ва мувозанат омили ҳисобланади. Минтақанинг барча давлатлари антироссиячи ҳаракатлар ёки ҳарбий блокларга қўшилмаган ҳолда, Россия билан стратегик шериклик ва мулоқот тамойилларига содиқ қолишмоқда.
Бундай вазиятда қўрқитиш ва босим тилидан фойдаланиш куч белгиси эмас, балки стратегик калтабинликдир. Зеро, Марказий Осиё давлатлари халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли субъектлари бўлиб, ҳеч қачон кимнингдир «таъсир доираси» сифатида қаралиши мумкин эмас.
Кенг аудитория олдида чиқиш қилаётган ҳар қандай жамоат арбоби, айниқса миллионлаб томошабинга эга бўлган оммавий шахс, ўз сўзларининг сиёсий ва ижтимоий оқибатлари учун масъулиятни чуқур ҳис қилиш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, босимга асосланган риторика ўзаро ишончни емиради, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларига путур етказади. Бугун Марказий Осиё мамлакатларини қўрқитиш эртанги стратегик шерикларни йўқотиш билан баравардир.
Қодир Жўраев,
сиёсий фанлар доктори, профессор.