Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ демократик партияси вакиллари Иштихон тумани зиёлилари даврасида

Эрта тонгдан мактабга ишга шошаётган Нигора Юсуповани туманда билимли, муҳими, кўпчиликка ибратли устоз сифатида билишади. Мактаб маъмурияти ҳам шу сабаб уни Иштихон тумани маданият ва истироҳат боғида бўладиган сайлов кампанияси учрашувига таклиф қилишди.

Халқ демократик партияси вилоят кенгаши ва Иштихон тумани кенгаши ҳамкорлигида туман маданият ва истироҳат боғида «Ислоҳотлар пойдевори ижтимоий ҳимоя бўлиши лозим» мавзусида ўтказилган учрашувда Н.Юсупова каби юзлаб зиёлилар, туман фаоллари, меҳнат фахрийлари ва мактаб ўқитувчилари қатнашди.

Унда сўзга чиққан партиянинг вилоят кенгаши раиси Мажидхон Усмонов жойларда ўтказилаётган бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларнинг аҳамияти ва партия дастурида белгиланган асосий ғоялар айнан аҳолининг ўзидан олинганини таъкидлаб ўтди. Жойларда ўтказилаётган митинг ва учрашувлар орқали юртдошларимизни қизиқтирган ва албатта ўйлантираётган муаммолар ҳам ўрганилаётганини таъкидлади.

Туман маданият бўлимининг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлади.

Тадбирда фаол ва ҳамкасбларига ибрат бўлаётган бир гуруҳ ўқитувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Совға олганлар ичида таълим жонкуяри, 67-мактаб ўқитувчиси Нигора Юсупова ҳам бор эди.

Шаҳло ҚЎЗИЕВА,

ХДП вилоят кенгаши матбуот котиби.