Халқ табобати ривожи бизни она табиатга яқинлаштиради
Табиатнинг ўзи табиб, дейишади. Бу ҳикмат қанчалик тўғри эканлиги минг йиллар давомида халқ орасида ўз исботини топиб келган. Табиат бағридаги неки неъмат бўлса, у инсон ва унинг манфаатига хизмат қилади. Юртимиз ҳудудидаги боғу-роғлар, дала-даштлар, тоғу-адирларда шифобахш ўсимликлар, доривор гиёҳларнинг минглаб турлари мавжуд.
Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистонда Халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг қабул қилиниши халқ табобати бўйича тўпланган бой тажриба ва салоҳиятдан самарали фойдаланишда муҳим қадам бўлди. Айтиш керакки, ушбу қарор фуқаролар саломатлигини сақлаш, аҳолининг турмуш сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобатини ривожлантиришнинг истиқболли режаларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Тиббиёт илмининг султони, буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам “Тиб қонунлари” китобида доривор ўсимликларнинг шифобахшлиги ҳақида кўплаб маълумотлар берган. Бундан ташқари, қадим Шарқда ҳам беморлар турли доривор гиёҳ ва ўсимликлар билан даволаб келингани тарихдан бизга яхши маълум.
Кимёвий препаратлар касалликларни даволашнинг ягона воситаси эмас. Кимёвий усулда тайёрланган дори-дармонлардан кўра, турли табиий гиёҳ ва дамламалар асосида даво топишни истаганлар ҳам кўплаб топилади. Оддий тил билан изоҳлаганда, халқ табобати хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалгани билан ҳам аҳамиятли.
Шунинг учун мамлакатимизда табиатнинг ҳар бир инъомини асраш, танага шифо берувчи ҳар бир ўсимлик ва гиёҳдан фойдалана олиш имкониятини ошириш бўйича кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, халқ табиблари томонидан хизматлар кўрсатиш соҳасининг ҳуқуқий асоси яратилди. Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ташкил этилди.
Лекин ҳар қандай соҳа ва тизим илмий асосга, замонавийликка эҳтиёж сезганидек, халқ табобатини ҳам замонавий тиббиётга уйғунлаштириш, кучли ва малакали мутахассислар тайёрлаш масаласи, айниқса, сўнгги йилларда долзарб бўлиб бораётган эди. Президент қарорида бу масалаларни тизимли ҳал этиш чоралари белгиланди.
Халқ табобати сирларидан воқиф бўлиш, бизга маълум ва маълум бўлмаган шифобахш ўсимликларни аниқлаш, улардан аҳоли саломатлиги йўлида самарали фойдаланишда бу ниҳоятда муҳим.
Ҳужжатга кўра, тиббиёт олий таълим муассасаларида ва Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида кўрсатилган молиялаштириш манбалари асосида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Қарорда Республика марказининг асосий вазифалари ҳам белгиланган.
Унга асосан, марказга халқ табобати усулларидан, шу жумладан, ўзбек халқ табобатининг тарихий анъаналари ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек, бошқа хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини таҳлил этиш ва ўрганиш вазифаси топширилди.
Шунингдек, халқ табобатини касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалаларида замонавий тиббиётга интеграциялаш бўйича, шу жумладан, илмий-тадқиқот ва лаборатория тадқиқотлари ўтказиш орқали таклифлар тайёрлаш белгиланди.
Албатта, инсон ҳаёти учун энг муҳим соҳалардан бири бу соғлиқни сақлаш тизимидир. Бу тизимда халқ табобатининг салмоғи ортиши фақат яхшиликка хизмат қилади, деб ўйлайман. Айниқса, халқ табобатининг замонавий тиббиёт билан уйғунлашуви халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга, биров билиб, биров билмайдиган шифобахш дориворларнинг кенгроқ қўлланилишига кенг имконият яратиб беради. Аҳоли соғлиғини асраш, касалликларнинг олдини олиш, енгиб ўтишда табиат инъом этган неъматларнинг ҳиссаси янада ошади.
Инсон ва табиат бир-бири билан ажралмасдир. Одам танаси ҳам табиатнинг бир бўлаги аслида. Бугун тиббиёт ва фармацевтика саноати ҳар қанча ривожланганига қарамасдан, доривор гиёҳлар асосида тайёрланган шифо воситаларига эҳтиёж кундан-кунга ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамиятга эга бўлиши, шубҳасиз.
Шербек БЎРОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.