Халқ таълими бошқармаси: 1267 та мактабдан 1039 тасида дарслар икки сменада ташкил этилган

Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева журналистлар билан мулоқотда тизимдаги бир қатор муаммоларни санаб ўтди.

Шодиевага кўра, 581 мингдан зиёдроқ ўринга эга таълим муассасаларида бугунги кунда 744 минг нафардан ортиқ ўқувчи (1.3 коэффицентда) таҳсил олади.

Мазкур рақамдан билиш мумкинки, айни вақтдга келиб мактаблар етишмаслиги муаммоси тизим олдидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Биргина мисол, дарслар 2 навбатда, кечгача бўладиган мактабда қандай қилиб ўқувчиларни турли тўгаракларга жалб этиш мумкин? Бу масаланинг кичик бир томони, холос.

ХТБ бошлиғи ҳолатга тўхталар экан, мазкур муаммони бирданига ечиш бутун мамлакат иқтисодиёти учун ҳам имконсиз экани, аммо ажратиладиган маблағ миқдори йилдан йилга кесикн ошаётганини билдирди.

Жумладан, жорий йилда вилоят бўйича 497 млрд сўм маблағ эвазига 167 та мактабнинг ҳолати яхшиланиб, 4 та мактаб янгидан қурилган, 108 мактаб реконструкция қилинган ва 55 мактаб мукаммал таъмирдан чиққан. Янги қурилган мактаблар эвазига 18 160 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилган.

Яна бир янгилик шуки, таълимга “янги қон” олиб кириш мақсадида бу йил Нукус шаҳри, Андижон, Наманган, Бухоро, Навоий, Жиззах, Қашқадарё вилоятларидан тажрибали ўқитувчилар вилоятнинг Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ туманларидаги таълим сифати паст бўлган мактабларга ишга жалб этилган. Уларга устама ҳақлари тўлаш учун яқинда вилоят ҳокимлиги томонидан 2 миллиард сўм маблағ ажратилган.