Халқ таълими вазири Самарқандда инклюзив таълим тажрибаси билан танишди
Паст Дарғом туманидаги 75-умумий ўрта таълим мактабида “Инклюзив таълим тажрибасини ривожлантириш” мавзусида ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.
Семинарда айни пайтда Самарқандда бўлиб турган Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов қатнашди.
Вазир алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларнинг мактабларда таҳсил олишда энг аввало, жамоатчилик фикрини ўзгартириш, бу борада мактаб жамоаси маҳалла билан ҳамкорликда мунтазам ота-оналар билан мулоқотлар олиб бориши кераклигини таъкидлади.
Семинарда халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази методисти С.Мўминов инклюзив таълимда замонавий педагогик технология ва методларни қўллаш масаласида тавсияларини берди. Шунингдек, иштирокчиларга инклюзив таълимга оид меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.
Республика Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, вилоятда 2022-2023 ўқув йилида 16 та умумтаълим мактабларида инклюзив таълим тизимидаги бошланғич синфлар ташкил этиш режалаштирилган. Айни пайтда вилоятдаги 5 та умумтаълим мактабида инклюзив таълим тизимидаги бошланғич синфлар ташкил этилган. Уларда 12 нафар таълимга алоҳида эҳтиёжи бор болалар таҳсил олмоқда.