ХТВ: Ўқитувчилардан синф журналидан бошқа ҳужжатларни талаб этиш қатъиян ман этилади
Электрон кундалик жорий этилган мактабларда эса бу ҳужжат ҳам фақат электрон шаклда сўралиши мумкин. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги томонидан маълум қилинди.
Хабарга кўра, вазирлик масъулларни ортиқча "ҳужжатбозлик" бўйича қатъий огоҳлантирган.
“Сўнгги кунларда ўқитувчилардан жойларда текширувлар авж олгани, хусусан турли ҳужжатлар тақдим этиш талаб этилаётгани юзасидан турли мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мурожаатларни ўрганиб чиқиб Халқ таълими вазирлиги мактабларда текширувлар амалга ошириш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини маълум қилади.
Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳудудий халқ таълими бошқармаларига умумтаълим муассасаларидаги мавжуд ҳолат ва муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш учун мактаб жамоасига ёрдам бериш топширилган.
Тегишли ҳужжатларга мувофиқ ўқитувчилар томонидан юритиладиган ҳужжатлар сони биттагача қисқартирилганини эслатиб ўтади.
Шу боис мактабда ўқитувчилардан фақат синф журнали (электрон кундалик жорий этилган мактабларда электрон шаклда)дан бошқа ҳужжатларни талаб этиш қатъиян маън этилиши ҳақида қатъий огоҳлантиради.
Шу ўринда таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197-5-моддаси, шунингдек мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 205-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз.
Агарда сизда юқорида келтирилган ноқонуний ҳужжат талаб қилиш ҳолатлари учраётган бўлса ҳудуд ва мактабингиз тўғрисидаги аниқ маълумотлар билан вазирликнинг 71 202 09 09 Ишонч телефон рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади вазирлик мурожаатида (https://t.me/uzedu/14739).