Халқ ва армия муштарак

– В-у-у-й, мана бу машинани қаранг, киноларда кўрганимизга ўхшар экан.
– У-ҳу, мана шу БТРга бир миндиринг, дада.
–  Аскарлар билан расмга тушайлик.
– Автоматингизни бир ушлаб кўрай! Дурбинингиздан бир қарасам  майлими?
– Палаткаларига кирайлик, аскарларнинг овқатидан ейман. 
– Катта бўлсам, мен ҳам солдат бўламанми, ая?!


Эрта тонгдан тадбирлар ўтадиган масканлар ҳарбий хизматчилар, олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ота-оналар билан гавжум бўлди.
Фестиваль ҳарбий техника воситалари, мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг спорт-транспорт воситалари ва ҳарбий хизматчиларнинг Регистон кўчаси бўйлаб Кўксарой майдонигача сафда юриши намойиши билан бошланди.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида вилоят ҳокими Т.Жўраев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони А.Саидов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобилов сўзга чиқиб, мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиямиз шакллангани ва тобора такомиллашиб бораётганини таъкидлашди.


Маросимдан кейин ҳарбий карабинчилар гуруҳлари ва ҳарбий қисм хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари Кўксарой майдонида ташкил этилган ҳарбий-техника воситалари, қурол-аслаҳа кўргазмаси, ҳарбий дала ошхонаси ва тиббиёт пунктининг фаолияти билан  танишди.
– Болаларни қўяверинг, биз катталар ҳам бирон ерда қурол кўтарган аскарни ёки ҳарбий техникани кўриб қолсак, ваҳимага тушиб, тинчликмикан деган хавотирда бўлардик, – дейди каттақўрғонлик А.Қурбонов. – Бугунги тадбирдан хабар топиб, набираларимни томошага олиб келдим. Бугун ҳукуматимиз ёшларнинг ҳарбийликка иштиёқини оширишнинг самарали усулини топгани мени хурсанд қилди. Талаба фарзандим, кичик набираларимгача ҳарбий техникалар, қурол-яроғ ва бошқа воситалар билан танишди, аскар ва офицерлар, курсантлар билан суҳбатлашишди. Армия ва халқимиз ўртасидаги очиқ муносабатни таъминлаган бу тадбир келажакда юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қодир мард йигитларни тарбиялашга хизмат қилади.


Фестиваль доирасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва уларнинг жисмоний чиниқишини таъминлаш мақсадида марафон ҳам ташкил этилди. Унда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган 5 мингдан ортиқ юртдошларимиз Регистон майдони олдидан старт олиб, Университет хиёбонидаги финиш чизиғини югуриб ўтдилар. Марафон ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
– Марафонда 15-17 ёшлилар ўртасида биринчи ўринни қўлга киритдим, – дейди Самарқанд шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси А.Сафаров. – Қуролли Кучларимиз салоҳиятини акс эттирувчи техникалар, қурол-аслаҳа ва бошқа жиҳозлар билан танишиш орқали армия ҳақидаги тасаввуримиз бойиди. 
40 мингга яқин самарқандликлар гувоҳлигида ўтган тадбирларда "Энг ёш иштирокчи", "Энг фаол эркак", "Энг фаол аёл", "Энг ёши улуғ иштирокчи" номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Фестиваль Самарқанд гарнизони офицерлар уйи жамоаси ҳамда вилоят санъаткорларининг концерт дастури билан якунланди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).