Халқаро форумнинг хорижлик иштирокчилари Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакиллиги ишлари билан танишди

Қозоғистон вакили Самарқандда амалга оширилган ишларга юксак баҳо бериб, фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаат қилиши учун қулай шароит яратилганини эътироф этди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27-30 июнь кунлари Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I форуми бўлиб ўтди. Минтақа давлатлари вакиллари ҳамда “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” ташкилотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси Минтақавий дастури менежери иштирок этган тадбир қатнашчилари 29 июнь куни кўҳна кентимизга ташриф буюрди.

Пойтахтдан тезюрар поездда етиб келган форум хорижий иштирокчиларининг делегацияси вилоятда Омбудсманнинг минтақавий вакили фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, меҳмонлар Президентнинг Халқ қабулхонаси ҳамда Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилаётган ишлар билан ҳам қизиқди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг вилоят бўйича минтақавий вакилга жорий йилнинг 1-чорагида 20 га яқин мурожаат келиб тушган. Хусусан, вилоятимиздан ташқари, Андижон, Наманган ва Қашқадарё, шу билан бирга Қирғизистон Республикаси фуқаро йўллаган мурожаатларнинг 4 таси маҳкумларни бошқа манзил-колонияга кўчириш, яна шунчаси ер ва бино иншоотлар ажратиш юзасидан бўлган.

Шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-харакатларидан норозилиги ҳақида 5 та, суд ва ҳуқуқ масалаларида 7 та мурожаат ўрганилган. Ўрганиш натижалари бўйича тегишли таъсир ҳамда бошқа қонуний чоралар кўрилган.

Бундан ташқари, вилоятдаги 38 ва 37-сонли манзил-колониялар ҳамда 7-сонли тергов ҳибсхонасида мониторинг ўрганишлар ўтказилган. Ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан якка тартибдаги суҳбатлар уюштирилган.

Асосийси, 600 га яқин маҳкумлар учун тиббий кўриклар ташкил қилиниб, “Инсон қадри учун” шиори шунчаки расмий жумла эмаслиги амалда намойиш қилинган.

Танишув давомида хорижлик меҳмонлар Ўзбекистон тажрибаси билан танишиш фойдали бўлганини таъкидлашди.

- Давлат раҳбарининг ташаббуси ва тегишли фармон билан Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари доимий асосда ишлайдиган бўлгани ва уларнинг асосий вазифалари белгиланганини эътироф этиш мумкин, - дейди Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Эльвира Азимова. – Рости бизда ҳали бундай амалиёт йўлга қўйилмаган.

Самарқандда вакил фаолияти билан танишиш давомида фуқаро шахсий масаласи ёки тадбиркорлик фаолияти юзасидан мурожаат қилишда овора бўлмаслиги таъминлагани яна бир эътиборли ҳолат эканига гавоҳ бўлдим.

Меҳмонлар куннинг иккинчи ярмида Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳамда диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, вилоят ҳокимлигининг расмий қабулида бўлди.

Диёр Ҳусанов,

Омбудсманнинг вилоятдаги минтақавий вакили.