Халқаро кузатувчилар – округ сайлов комиссиясида

9 июль куни ўтказиладиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида юртимизга келган халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик меҳмонлар Самарқандда сайловга ҳозирлик жараёнлари билан танишмоқда.

Жумладан, бугун 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясига Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Николай Булаев ва комиссия аъзолари, Россия ва таиландлик депутатлар, журналистлар келиб, округ ҳудудида сайловга тайёргарлик бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев халқаро кузатувчиларга мамлакатимиз сайлов қонунчилиги, муддатидан илгари ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берди. Учрашувлар чоғида Самарқанд вилоятида сайлов кампаниясининг бориши, округ комиссияси фаолияти юзасидан фикрлар билдирилди.

– Ўзбекистондаги сайлов жараёнларини биринчи марта кузатяпман, – дейди Таиланддаги “Ambassador World Magazine” журнали бош директори Амонван Руангатабат хоним. – Сайлов кодекси билан танишдим, сайлов кампаниясининг боришини кузатдим. Ҳаммаси қонун доирасида, халқаро стандартларга мос ўтмоқда. Самарқанддаги округ комиссияси фаолияти тўғрисида ҳам кўп маълумотларга эга бўлдим. Умуман, Самарқанд менга жуда ёқди. Одамларнинг кайфияти жуда юқори. Улар сайловга бефарқ эмас.

Халқаро кузатувчилар вилоятдаги сайлов участкаларида бўлди, тарихий-маданий ёдгорликларни томоша қилди.