Хайрулла Ҳамронинг ёрқин хотираси ёд этилди

Булунғур туманидаги 11-сон маданият уйида 9 май — “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан таниқли журналист ва шоир Хайрулла Ҳамро хотирасига бағишланган “Хотирангиз қалбларда ўчмагай мангу” номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

“Бурч. Жасорат. Матонат!” шиори остида ташкил этилган тадбирда нуроний отахон ва онахонлар, таълим муассасалари ўқитувчилари, ёшлар, журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Хайрулла Ҳамронинг ҳаёт йўли, сермазмун ижоди, журналистика соҳасидаги самарали меҳнати ҳамда унинг халқ маънавиятини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида самимий хотиралар билан ўртоқлашдилар.

Таъкидланганидек, Хайрулла Ҳамро нафақат моҳир журналист, балки қалам кучи орқали инсон қалбига йўл топа олган нозиктаъб шоир сифатида ҳам юртдошлар меҳрини қозонган ижодкорлардан бири эди. Унинг таҳлилий ва танқидий руҳдаги долзарб мақолалари “Оила ва жамият”, “Зарафшон”, “Самарқанд” газеталари саҳифаларида мунтазам чоп этилиб, кенг ўқувчилар эътиборига тушган.

- Хайрулла Ҳамронинг журналистика ва адабиёт соҳасидаги ўрни алоҳида эътиборли, - деди тадбир иштирочиларидан бири Мамаризо Абдураҳмонов. - Унинг ижоди ҳанузгача кўплаб қалам аҳли ва ёш ижодкорлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир давомида ўқувчилар томонидан шоирнинг ҳаёт ва меҳнат фаолияти ҳақидаги чиқишлар намойиш этилди, унинг ватанпарварлик, инсон қадри ва ҳаёт ҳақидаги мазмунли шеърларидан намуналар ифодали ўқиб берилди. Бу чиқишлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.