ХДП депутатлари ташаббуси билан 10 нафар мутасаддининг ҳисоботи эшитилди

Партия вилоят Кенгашининг тўққиз ойлик якунларига бағишланган йиғилиши таҳлилий-танқидий руҳда ўтди.

Унда жойларда асосий эътибор партия электоратининг узоқ муддатли манфаати ва ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор бўлган ижтимоий муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада жойлардаги ижтимоий вазиятни тизимли мониторинг қилиб бориш, электорат манфаатларига дахлдор бўлган муаммоларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий Кенгашлар сессияларига ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига таклифлар бериб бориш зарурлиги қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида партия туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан сессияларга 24 та масала киритилган. Депутатлар 233 та сўров юборган ва бу бир нафар депутатга ўртача 2.1 тадан тўғри келади.

Партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 10 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилган.

Йиғилишда ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-тамойилларини босқичма-босқич «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига ўтказилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, ишсиз ва хорижга ишлаш учун кета олмаган, шунингдек, карантин чора-тадбирлари давомида вақтинчалик ишсиз қолган фуқаролар бандлигига кўмаклашиш бўйича “Ўз-ўзини банд қилиш” лойиҳасини амалга ошириш борасида атрофлича фикр юритилди.

Маҳаллалардаги кам таъминланган, давлат томонидан алоҳида қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари орасида камбағалликни камайтириш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш самардорлигини янада ошириш мақсадида “Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш” лойиҳасини амалга ошириш вазифалари белгилаб олинди.

Шунингдек, ҳудудларда тарғибот гуруҳлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, жойларда хотин-қизлар ва ёшлар муаммоларини ўрганиш, электорат билан ишлашнинг замонавий услуб ва янги сиёсий технологияларни жорий қилиш бўйича фикр алмашинди.

Ойтўла АБДУРАИМОВА,

ХДП вилоят кенгаши бош референти.