Хитойда ўнлаб патентлар олган самарқандлик олим
Самарқандлик олим, профессор Хуршид Бозоров Хитойда саратон ҳужайраларини ўлдирадиган бирикмаларни синтез қилиб, юқори натижаларга эришгач, ўнлаб патентлар олади. Илмий хулосаси Франциянинг нуфузли илмий журналида эътироф этилади.
Биз билан суҳбатда домла илм-фан оламига кириб келиши, соҳадаги янгиликлар, замонавий лаборатория, илмий тадқиқотчилик фаолияти ҳақида гапириб берди.
- Ўқувчилик давримда кимё фани ўқитувчимиз бир масалани айтди, жавоби иккита эди. Синфдошларим масаланинг биринчи жавобини, мен эса иккинчи жавоби тўғрилигини билдирдим, - дейди профессор Хуршид Бозоров болалигини эслаб. – Ҳақиқатда иккинчи жавоби тўғри экан. Шундан кейин ўқитувчим мен билан жиддий шуғулланишни бошлади. Шу-шу кимё фанига қизиқишим ортди.
Болалигим Тойлоқ туманидаги Боғизоғон қишлоғида ўтди, шу ердаги 34-умумий ўрта таълим мактабида ўқидим. 2001 йилда Самарқанд давлат университетининг кимё факультетига ўқишга кирдим. 2004 йилда Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендианти бўлдим. Стипендиант бўлганим учун университетнинг магистратура бўлимига органик кимё йўналиши бўйича имтиҳонсиз қабул қилиндим. Университетда Юрий Курбатов раҳбарлигида турли синтез тадқиқотлар олиб бордим. Ўша пайтлар интернет унча оммалашмаган эди. Устозим раҳбарлигида интернетдан илмий-тадқиқот ишларини олиб ўқий бошлагач, менда бу касбга янада қизиқиш уйғонди. Бўш вақтларимни лабораторияларда ўтказадиган бўлдим. 2007 йилда магистрлик диссертациясини ҳимоя қилдим.
Ўша даврда илмий тадқиқот қилиб, фан номзоди бўлиш оғир меҳнатни талаб қиларди. Устига устак стипендиялар, маошлар кам эди. Кейинги фаолиятимни қандай давом эттиришни ўйлаб қолдим: педагог сифатида фаолиятимни давом эттирайми ёки илмий тадқиқот ишимними?
Университетларнинг илмий тадқиқот базаси ҳам унчалик тараққий этмаганди. Лабораторияларда замонавий асбоб-ускуналар ишламасди. Хуллас, илмий тадқиқот ишимни давом эттиришни мақсад қилдим. Йўлланма асосида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институтига аспирантурага ўқишга бордим. Аммо аспирантурада жой йўқлиги боис устозим раҳматли Ҳусниддин Шоҳидоятов мени стажёр-тадқиқотчи қилиб ишга олди. Икки ойдан сўнг бир-икки нафар аспирант ўқишга келмайдиган бўлди ва мен ҳужжатларимни аспирантурага топшириб, имтиҳонлардан ўтдим. У вақтдаги аспирант ҳозирда таянч докторант дейилади.
Ҳаётимда туб бурилиш ясаган ўша институт бўлди. 2011 йилга қадар ўсимликлар синтези бўйича илмий тадқиқот олиб бордим. Илмий гуруҳимиз доривор ўсимликлар таркибидаги биологик фаол бўлган алкалоидларни лабораторияларда синтез қиларди. Эрталаб саккиздан кечки саккизгача илмий тадқиқотлар билан шуғулланардик. Уч йилдан сўнг номзодлик диссертациямни ҳимоя қилдим.
Шундан сўнг педагогик фаолиятимни бошлаш ниятида Самарқандга қайтмоқчи бўлдим. Устозим Ҳ.Шоҳидоятов менга яхши таклиф айтди. У кишининг маслаҳати билан биринчи марта 2012 йилда Хитойга олти ой муддатга илмий тадқиқот ишларига юборилдим. Ўзбекистонда бажарган илмий ишимни Хитойда давом эттирдим. У ерда айнан саратон ҳужайраларини ўлдирадиган бирикмаларни синтез қилиб, яхши натижалар билан қайтганимдан кейин хитойликлар менга узоқ муддатли таклифнома юборди.
2013 йилнинг март ойидан Хитой Фанлар академиясининг Шинжон физика ва кимё-техника институтида кичик илмий ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим вазифаларида меҳнат қилдим. Хитой Халқ Республикаси томонидан хорижий мутахассислар учун таъсис этилган бир қанча грантлар соҳиби бўлдим.
Хорижда давом эттираётган илмий ишимнинг долзарб эканлигини исботлашим керак эди. 2014 йилда Францияда нашр қилинадиган “European Journal of Medicinal Chemisty” журналида ярим йиллик илмий тадқиқотим эълон қилинди. Билсам у ерда мен билан ишлайдиган профессорларнинг ҳеч қайсиси у журналга мақола чиқара олмаган экан. Шундан сўнг менинг илмий ғояларим қўллаб-қувватланди, илмий ишимни давом эттиришим учун қўл остимга гуруҳ тузилди. Биз 2018 йилгача илмий-тадқиқот ишларида бир қанча натижаларга эришдик. Ўша йили ошқозон ичак саратонига потенциал кимё терапияда ишлатилиши мумкин бўлган дори воситасини синтез қилдим. Биринчи лаборатория шароитида, сўнгра ҳайвонларда таъсири ўрганилди. Ҳозирги кунга келиб, бу тадқиқотимиз клиник олди синовидан ўтяпти. Ушбу тадқиқотларимизга Хитойда ўндан ортиқ патентлар олдик.
2021 йилда Хитойда туриб Ўзбекистондаги илмий кенгашга “Аннелирланган пиримидинлар синтези, модификацияси ва биологик фаоллиги” мавзусида фан докторлиги (DSs) диссертациямни ҳимоя қилдим. Ўша йили оилам билан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилдим. 15 йил лабораторияда тадқиқотлар олиб борганим учун бу менинг ҳаётимга айланди. Бу ишларимни Самарқанд давлат университети раҳбариятига айтиб берганимдан сўнг мени қўллаб-қувватлашди. Қисқа муддат ичида лаборатория учун бошланғич асбоб-ускуналар билан таъминлаб беришди. Бизда ҳам замонавий лабораториялар бўлишини орзу қилардим. Аслида бизнинг илмий салоҳият хитойликлардан қолишмайди. Фақат илмий тадқиқотлар олиб боришимиз учун шароит, замонавий лабораториялар етарли бўлиши керак.
2023 йилнинг 24 августида Президент Шавкат Мирзиёев университетимизга ташриф буюрди. Ўшанда давлат раҳбари билан суҳбатлашиш имконига муяссар бўлдим. У кишига изланишларим ҳақида қисқача гапириб бердим. Президентимиз ғояларимни қўллаб-қувватладилар ва тажрибахона қилишимиз учун қандай ёрдам кераклигини сўрадилар. Шундан сўнг қарийб 8 миллиард сўмлик илмий-амалий лойиҳамиз Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Инновацион агентлиги томонидан молиялаштирилди. Бу лойиҳанинг номи “Саратон касаллигига қарши дори воситаларини яратиш лабораториясини ташкил қилиш” бўлиб, икки йил ичида шундай лабораторияни ташкил этишим керак. Замонавий лабораторияда ишлашни ўрганиш учун жорий йилда 10 нафар ўқитувчи Хитойда малака ошириб келди, яна ўн нафари сафарга отланиш арафасида. Ҳозир ҳам хитойлик ҳамкасблар билан онлайн ишлайман, у ерда кичик бир гуруҳим бор.
Шу ўринда меҳнатларим муносиб тақдирланаётганини ҳам айтиб ўтмоқчиман. 2024 йилда давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. 2023 йилда Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном регионининг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшганим учун “Тьяншан” мукофотига сазовор бўлдим. Мусофирликда чеккан қийинчиликларимнинг бари унутилди. Айниқса, ота-онам ютуқларимдан қувонишди.
Аввал хорижда ишлаган бўлсам, энди юртимиз тараққиёти учун меҳнат қилмоқчиман. СамДУ Биокимё институтида ҳар қандай мураккаб тузилишга эга бўлган бирикмаларни синтез қила оладиган мутахассисларни тайёрлашни мақсад қилганман.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА ёзиб олди.