Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Америкалик аскар “Фаластинга озодлик!” дея бақириб ўзини ёқиб юборди
🔹 Исроил бош вазири, агар гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишиб олиш имкони бўлса, Рафаҳдаги операция қолдирилиши мумкинлигини айтди. АҚШ, Миср, Қатар ва Исроил вакиллари Ғазо секторидаги гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувнинг асосий шартлари бўйича келишувга эришди. Нетаняҳу Рафаҳга ҳужум тўхтамаслиги, фақат кечиктирилишини айтган. Тинчлик музокаралари Қатарда давом этади.
🔹 Шу кунларда Исроил ҳукуматининг режалари мамлакат ташқарисида ҳам, мамлакат ичида ҳам кучли қаршиликларга дуч келмоқда. Тель-Авивда отлиқ полиция норози оломонни сув билан тарқатиб юборишга уринган, тартибсизликлар авж олмоқда.
🔹 Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўған 70 ёшга тўлди. Шу муносабат билан Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Эрдўғонга “Туркманистоннинг фахрий оқсоқоли” унвонини берди.
🔹 Эйфель минораси иш ташлашдан кейин қайта очилди. Касаба уюшмалари ва раҳбарият 2031 йилгача зарур техник хизмат кўрсатишни таъминловчи 380 миллион евролик инвестиция режасини тасдиқлади. Олти кунлик иш ташлашда Эйфель минораси 100 минг кириш чиптасидан маҳрум бўлган.
🔹 Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг кенг кўламли босқинининг бошланишидан буён икки йил ичида 31 минг украиналик аскар ҳалок бўлганини айтди. У ярадор ёки бедарак йўқолган ҳарбийлар сонини ошкор қилмаслигини айтди. Украина Мудофаа вазирлиги айтишича, мамлакатни ҳимоя қилиш бўйича 2024 йилга мўлжалланган “кучли режаси” бор ва ҳозирча ошкор этилмайди.
🔹 Доналд Трамп Жанубий Каролинадаги праймеризда ғалаба қозонди.
🔹 Америкалик аскар Исроилнинг Вашингтондаги элчихонаси олдида “Фаластинга озодлик!” дея бақириб ўзини ёқиб юборган. Жабрланувчи касалхонага ётқизилган, унинг аҳволи оғир.
🔹 АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Хитой билан стратегик рақобат бўйича сайловчи қўмитаси раиси Майк Галлагер Илон Маск мамлакат ҳукумати олдидаги мажбуриятларини бузаётганини айтди. Тайвань интернетига киришни таъминламаган Маскнинг SpaceX компаниясига қарши даъволар пайдо бўлган.
🔹 Дания “Шимолий оқим” газ қувуридаги портлашлар бўйича терговни тўхтатди. Айни пайтда Германияда портлашлар бўйича дастлабки тергов давом этмоқда. 2022 йил сентябрь ойи охирида Болтиқ денгизида “Шимолий оқим 1”нинг иккала йўналишида ва “Шимолий оқим-2” линияларидан бирида қувурлар вайрон бўлган. Кейинроқ Швеция разведка хизматлари воқеа жойида портловчи моддалар излари топган.