Хорижда бепул ўқиш учун нима қилиш керак?

Бу саволга Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ўтказилган “Таълим ва касб” XXI халқаро кўргазмаси ва тадбирда жавоб изланди.

Тадбирнинг учрашув қисмида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов талаба ва ёшларга жамғарманинг фаолият йўналиши, вазифалари, чет элдаги олийгоҳ талабаси бўлган ёшларимизга берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.

— Иқтидорли ёшларимиз жуда кўп, фақат уларни аниқлаб, ўз вақтида қўллаб-қувватлаш муҳим, — дейди Ж.Аҳмедов. —  “Эл-юрт умиди” жамғармасининг вазифаси айни шу. Жамғармамиз дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ёшларимизнинг ўқиш харажатларини тўлаб беради. Бугун жуда кўп ёшлар бу қулайликдан унумли фойдаланмоқда. Уларга қўйиладиган ягона талаб ўз соҳасининг малакали мутахассиси бўлиб етишиш ҳамда келажакда эл-юртига наф келтиришдир.

Таъкидланганидек, жамғарманинг жорий йилдаги 1-стипендия танловига 3 минг нафардан ортиқ талаба ҳужжат топшириб, шундан 114 нафари грантга эга бўлган. Бироқ ғолибларнинг бор-йўғи 4 нафари самарқандлик талабалардир. Бу албатта, яхши кўрсаткич эмас. Тадбирда масаланинг айни жиҳатлари ҳам муҳокама қилиниб, ёшлар фаолликка чақирилди.

Шундан сўнг, иштирокчилар “Таълим ва касб” XXI халқаро кўргазмаси билан танишди. Унда талаба-ёшлар Москва иқтисодий-юридик университети, Қозон федераль университети, Жаҳон цивилизацияси институти сингари 10 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.