Хотиржамлигимиз пақилдоқ билан бирга "сочилиб" кетмасин
Кўзни қувонтириб, дилларга қайғу ва дардни солишда давом этаётган пиротехника воситаларининг савдоси ва улардан фойдаланиш ҳолатлари ҳали-ҳамон давом этиб, юзлаб норасидаларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.
Пиротехника воситаларидан фойдаланиш инсон ҳаётига жиддий хавф туғдириши, жумладан, танадаги асоратлар узоқ йиллар сақланиб қолиши мумкин. Ўтган йиллар давомида бундай нохуш воқеалар туфайли кўзларнинг шикастланиши оқибатида кўриш фаолиятининг қисман ёки бутунлай бузилиши, танадаги куйишлар ҳатто қолган асоратлари беморларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган ҳолатлари ҳам кўп бор кузатилган. Аксарият ҳолларда, бир лаҳзалик завқ учун фақатгина ўзимизга эмас ўзгарларнинг ҳам умрбод ногиронликка маҳкум бўлишига сабаб бўляпмиз.
Юртимиз шифохоналарига мурожаат қилувчи аҳолининг аксарият қисми вояга етмаган болаларни ташкил қилади. Ёш авлод вакиллари онгида ушбу воситаларнинг қай даражада хатарли ва ҳаёт учун хавфли эканлиги етарлича уқтирилмагани боис, оилалардаги тинч-тотувлик ҳам пақилдоқ сингари бор хотиржамликни ҳар томонга сочиб юбормоқда.
Нафақат жамиятимизда балки бутун дунё аҳолисининг саломатлиги-ю хавфсизлигига раҳна солувчи манба сифатида қаратилган ушбу пиротехника воситаларидан фойдаланаётган ҳар бир киши, аввало, ҳаракатлари хато эканлигини ва оқибати фақат ўзининг ҳаётига эмас, балки ўзгаларнинг хавфсизлигига ҳам бевосита дахлдор эканлигини асло унутмаслиги лозим!