Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хуршид Даврон: "Бизлар жуда ақллимиз, минг ўлчаб, бир кесамиз..."

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 1952 йил 20 январда Самарқанд туманида туғилган.

Қуйида севимли шоиримизнинг шеърларидан намуна ўқийсиз.

Бизлар жуда ақллимиз...

Бизлар жуда ақллимиз,

Минг ўлчаб, бир кесамиз,

Яшасин, деб халқимиз,

Мансабларда ўсамиз.

 

Бизлар жуда ақллимиз,

Қийналмаймиз дил титиб,

Чўмилмаймиз дарёларда

Чўкиб кетиш мумкин деб.

 

“Узилганда яшил япроқ,

Титрама, эвини қил.

Ҳаяжондан бўл, — дер, — йироқ” –

Оқ халат кийган ақл.

 

Бизлар жуда ақллимиз,

Баъзан кун-тун ўйлаймиз,

“Бу буюмни қайга қўйсак

Гўзал бўлар уйимиз”.

 

Бироқ кутар, қалбда ўкинч

Олисларда онамиз.

Қўмсамаймиз. Чунки соғинч

Дилга кирса, синамиз.

 

“Соғинибди?!.. Ўтар-кетар,

Бир кун бориб келамиз”.

Бошқа ишга урамиз қўл,

Чунки жуда ақллимиз.

 

Ойдек тоза қизни севиб,

Термилиб гул юзига.

Кейин эса, уйланамиз

Ақлдорнинг қизига.

 

Рақибга тиғ билан чиқмоқ –

Даҳшат!

Нима қиламиз?!

Ахир бизлар ақллимиз,

Макр билан янчамиз.

 

…Бир кун ўлсак, устимизга

Улкан тошни қўйишар

Ва албатта ўша тошга

Ақлли сўз ўйишар.

 

* * *

Зўр шоир дилида зўр умид яшар,

Кўр шоир дилида кўр умид яшар.

Ҳар умид тупроққа ташланган дондек

Бутун коинотдан нур кутиб яшар.

 

* * *

Самарқанд – заъфарон тирамоҳ,

Бухоро – қирмизи саратон.

Тош шаҳри – совиган қаҳрабо,

Туркистон… Туркистон… Туркистон…

 

Хива “Хайр” каломи. Сукунат,

Саҳрода янграган қўнғироқ.

Қўқон – боғ.  Ватан деб жон берган

Йигитлар қонини ичган боғ.

 

Шаҳрисабз кабутар патидир,

Зангори рангларга бўялган.

Термиз – кўр хаттотнинг хатидир,

Замонлар зарбидан туйилган.

 

Бобурнинг кўзёши – Андижон,

Марғилон – минг ёшли қизалоқ.

Туркистон… Туркистон… Туркистон…

Даштдаги қон рангли қизғалдоқ…