Ягона ижтимоий тўлов ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририга мувофиқ бир қатор янгилик ва ўзгаришлар амалиётга жорий этилди. Чунончи, ягона ижтимоий тўлов ижтимоий солиққа ўзгартирилди.

Хўш, кимлар ижтимоий солиқ тўловчилар ҳисобланади? Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари, Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахслар, чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари ва филиаллари, Солиқ кодексининг 408 ва 409-моддаларида назарда тутилган тартибга мувофиқ ижтимоий солиқ тўлайдиган жисмоний шахсларнинг айрим тоифалари ижтимоий солиқ тўловчилардир.

Иш берувчининг ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари ижтимоий солиқнинг солиқ солиш объекти саналади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун чет эллик ходимлар билан таъминлаш юзасидан хизматлар кўрсатишга доир шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган юридик шахсга тўланадиган чет эллик ходимларнинг даромадлари ҳам солиқ солиш объектидир. Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг айрим тоифалари учун улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини ва (ёки) якка тартибдаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш солиқ солиш объекти ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, иш берувчининг ходимга меҳнатда жароҳат етганлиги ёки соғлиғига бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш тарзидаги, Солиқ кодексининг 369-моддаси, иккинчи қисмининг 10-бандида кўрсатилган миқдорлардан ортиқча харажатлари, шунингдек, пахта йиғим-терими бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахсларнинг бу ишларни бажарганлиги учун меҳнат ҳақи тўлашга доир харажатлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.