Яман очликка юз тутмоқда
“Ямандаги уруш бу қашшоқ мамлакатни яшашга яроқсиз давлатга айлантирмоқда”. Ушбу огоҳлантириш мамлакатда очликка қарши курашиш учун ташкил этилган донорлар конференцияси арафасида БМТ томонидан берилди.
Яманда бўлган Норвегия Қочқинлар кенгаши бош котиби Ян Эгеланд Euronews саволларига жавоб берди:
- Мен қўлларида скелетдек болаларини кўтариб олган оналарни учратдим. Уларнинг айтишича, ўтган йили озиқ-овқат тарқатиш тақсимоти 50 фоизга қисқартирилган, энди улар боласини эмизолмайди.
Яманда 16 миллион одам озиқ-овқат ёрдамига муҳтож. Бу шундай аянчли вазиятга тушган дунёдаги энг катта ҳамжамиятдир. Агар биз ҳозир донорлар конференциясида муваффақият қозона олмасак, бу ерда Эфиопия ва Саҳелдагидек 1980 йиллардан бери дунё кўрмаган очлик бўлади. Бу уруш тугаши керак - бу ерда 40 та можаро чизиғи бор. Бизга, шунингдек, Форс кўрфази давлатлари, Европа, Шимолий Америка, Япония ва барча донор мамлакатлар томонидан сезиларли даражада кўпроқ маблағ керак бўлади.
Февраль ойида мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам - озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон етказиб беришни қийинлаштиргани сабабли Қўшма Штатлар Яман ҳустий ҳаракатини хорижий террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади.
"Сўнгги пайтдаги бир нечта яхши янгиликлардан бири шундаки, Байден маъмурияти нафақат бу ерда аҳолининг учдан икки қисмини бошқараётган ҳустийларга террорчи сифатида муносабатни тўхтатди, балки Оқ уй бундан буён ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватламаслигини ҳамда тинчлик ва музокарада қаттиқ туришини таъкидлади.
БМТ конференцияда иштирок этувчи донор-мамлакатлардан тахминан 3,85 миллиард доллар ажратишини кутмоқда. Бу ўтган йили 1,9 миллиард доллар - талаб қилинган маблағ миқдорининг ярмидан камроғини ташкил этган эди.
Интернет хабарлари асосида Г.Холдорова тайёрлади.