Араб коалицияси Яман пойтахтидаги террорчилар жойлашиб олган манзилларни ўққа тутди

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси кеча, 17 январь куни шиаларнинг «Ансор Аллоҳ» (ҳусийлар) ҳаракатининг БАА ҳудудига берган зарбаларига жавобан Яман пойтахти Сана шаҳрининг айрим жойларини бомбардимон қилди.

Бирлашган Араб Амирликларидаги Sky News Arabia телеканали иқтибос келтирган коалиция баёнотида ҳаво ҳужумлари “таҳдидга жавоб ва ҳарбий зарурат” деб аталган. Ҳужумда “террорчилар етакчилари”ни нишонга олингани айтилмоқда.

“Коалиция ҳаво кучлари Сана осмонида кечаю-кундуз операция ўтказмоқда... Биз тинч аҳолини ҳарбий лагерь ва ҳусийлар йиғинларидан узоқроқ бўлишга чақирамиз”, дея коалиция сўзларидан иқтибос келтирган телеканал.

«Ансор Аллоҳ» назоратидаги «Ал-Масира» телеканали хабар беришича, ҳужум оқибатида дастлабки маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган, беш киши жароҳатланган.

Кеча эрталаб Абу-Дабидаги ADNOC нефть компаниясининг ёнилғи омборлари яқинида учта ёқилғи баки портлаши оқибатида 3 киши - бир нафар покистонлик ва 2 нафар ҳиндистон фуқароси қурбон бўлди, яна 6 киши жароҳат олди. Дастлабки хулосага кўра, ҳодисага учувчисиз самолётлар зарбалари сабаб бўлган.

Яман шимолида ҳукмронлик қилаётган «Ансор Аллоҳ» шиа ҳаракати кейинчалик Абу-Даби ва Дубай аэропортларини миналанган учувчисиз самолётлар ёрдамида бомбардимон қилганини тасдиқлаб, БААнинг стратегик аҳамиятга эга объектларига янги ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилмоқда.

2014 йил август ойидан бери Яманда ҳукумат кучлари ва ҳусийлар ўртасидаги қуролли қарама-қаршилик авжида. Шунингдек, 2015 йилдан бери ҳукумат томонидан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари бошчилигидаги араб коалицияси жанг қилмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари аввалроқ Ямандаги ҳарбий операциялар тўхтагани ҳақида эълон қилганига қарамай, улар Яман портларидаги ҳарбий базаларда ўз ҳарбийларини қолдирган. Кейинги ҳафталарда БАА ҳукумат томонда Яманнинг бир қанча вилоятларида ҳусийларга қарши жангларда, жумладан жануби-шарқий Шебва вилоятида ҳукумат назорати остидаги ҳудудларни қайтариб олишда иштирок этди.