Янги китоб: “Мангуликнинг 30 лаҳзаси”

Шеърият - уммон. Ундаги ҳар бир гавҳарнинг ўз салмоғи, қадр-қиммати бўлгани каби шоир Ёр Муҳаммад ижодининг ҳам кўлами кенг, шеърлари ранг-баранг ва ўзига хос. Ижодкорнинг “Мангуликнинг 30 лаҳзаси” китоби мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб ёзилган. Шоирнинг бир туркум шеърлари воҳанинг гўзаллигига, қишлоқнинг содда, беғубор ва танти одамлари тасвирига бағишланган. Уларни ўқиганда кўз олдингизда сўлим қишлоқлар, шудринг босган далалар намоён бўлади.

Шеърларни ўқир экансиз, китобхонни ўйлашга, кўнгилга маҳзун туйғулар олиб кириб, шукрона айтишга, ҳаётдан завқланиб яшашга чорлайди. Зеро, адабиётнинг, бадиий ижоднинг бирламчи вазифаси ҳам шу.

***

“Каттақўрғон ушшоғи”

Яқинда самарқандлик таниқли ижодкорлар Фазилат Абдуллаева ва Элмурод Ҳотам ҳаммуаллифлигида шу номдаги шеърий девон нашрдан чиқди. Ушбу девон устозларнинг анъанасини давом эттирган бугунги кун қалам аҳлининг ижод маҳсули дейиш мумкин.

Девонда бир гуруҳ каттақўрғонлик ижодкорларнинг ғазаллари ўрин олган бўлиб, уларда лириканинг асосий мавзуси бўлган ишқ билан бирга дидактика, ижтимоий ва фалсафий масалалар қаламга олинган. Шунингдек, девонда шоирларнинг ғазал, мухаммас (Навоий, Фузулий, Машраб, Ноқис каби мумтоз шоирлар билан бирга, Усмон Азим ва Ҳалима Худойбердиева сингари замондош шоирлар ғазалларига битилган тахмин ва назиралар), мусаддас, мустаҳзод, таржеъбанд, маснавий, қасида каби мумтоз шеър турларининг поэтик қонуниятлари асосида яратилган ижод намуналари жамланган.

***

Ҳаёт ҳақиқати йўғрилган икки тўплам

Янги давр адабиётида Зулфияхоним, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Фароғат Камол, Қутлибека Раҳимбоева, Муҳтарама Улуғова каби шоиралар эл муҳаббатига сазовор бўлган. Мана шу севимли шоиралар даврасида ўз ўрнига эга шоиралардан бири Бибисора Туробовадир.

Шоира шеърларида ҳаёт ҳақиқати, одамларнинг орзу-армонлари ва Ватан ишқи бош мавзу саналади. Жумладан, унинг “Келин салом” тўпламида аёл қувончи ва ташвишлари, оналик туйғулари қаламга олинган бўлса, яқинда нашр этилган “Мен излаган қувонч” тўпламида турли йилларда ёзган шеърлари жамланган. Унда асосан Ватан муҳаббати ва садоқати, ҳаёт ташвишлари ҳамда шоиранинг кечмишлари шеърларида нафис назмий санъат билан ифода этилади.