Ҳаёт сабоқлари
Янги йил байрами арафасида яхши укаларимдан бири устоз журналист, адиб Маматқул Ҳазратқуловнинг яқинда чоп этилган “Китобим ичра сен борсан” деб номланган китобини совға қилди. Ушбу китоб ҳақида ҳамкасбларимдан илиқ гаплар эшитгандим. Ундан ўрин олган ҳикоя ва лавҳаларни устознинг телеграм каналида ўқиб бораётгандим, энди китобдан ўқиш имконияти туғилгани учун хурсанд бўлдим.
Байрам кунлари китобни ўқиб чиқдим. Бундан олдин, аниқроғи, 2022 йилнинг октябрь ойида Маматқул ака эллик йиллик қадрдон дўстлари Эркин Аъзам ва Усмон Азим билан Самарқандга ижодий учрашувга келганда дастхат ёзиб берган “Гладиолиус” ва Озарбайжон халқ ёзувчиси Анарнинг асарлари таржима қилинган “Албатта учрашамиз” китобларини ўқиб, улардан уйғонган ҳайрат ва ҳаяжон билан юрганимда бу китоб устознинг ижоди ҳақидаги таассуротларимни яна ҳам бойитди.
Дарвоқе, Маматқул аканинг ушбу китоблари, шунингдек, “Икки соҳил” ҳам у киши 75 ёшга тўлган йилда нашр этилди.
Умуман олганда, 2022 йил устоз учун сермаҳсул бўлди. Аммо йил бошида ярим асрдан ортиқ бирга яшаб, ҳаётнинг кўп паст-баландини кўрган, синов ва машаққатларни бир-бирларига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатлари билан енгиб ўтган (булар ҳам ушбу китобларда ҳикоя қилинган) умр йўлдошининг вафоти устозга қаттиқ таъсир қилди.
Яхшиям, шундай пайтларда устозга фарзанду набираларининг, атрофидаги яқинлари ва дўстларининг эътибори, меҳри далда бўлди. Қолаверса, у кишининг китобга меҳр қўйгани, ўзи таъкидлаганидек, бўш вақт бўлди, дегунча китоб мутолаа қилиши ҳам оғир дамларда қўл келди.
Бу ўринда мен устознинг ижодкор дўстлари, сафдошларини алоҳида таъкидлашни истардим. Йил давомида ижодий уюшмалар, ташкилотлар томонидан қаерда, қандай учрашув ва суҳбат ўтказилмасин, албатта, Маматқул акани таклиф қилиб, бирга борганларини кўрдик, дилкаш давраларига гувоҳ бўлдик.
Узоққа бормайлик, юқорида қайд этганим – ўтган йил октябрь ойида Самарқандда бугунги ўзбек адабиётида ўз ўрнига, ўз сўзига эга ижодкорлар Эркин Аъзам ва Усмон Азим иштирокида ўтказилган учрашувлар ҳам аслида Маматқул Ҳазратқуловнинг жомбойлик ижодкор ёшлар билан учрашувда берган ваъдаси бўйича ташкил этилганди. Улар вақтини қизғаниб ёки бошқа баҳона билан шу учрашувларга келмаслиги ҳам мумкин эди. Аммо дўстларининг – Маматқул аканинг ёш ижодкорларга берган ваъдаси устидан чиқиши учун вақт топишди, бир эмас, бир нечта учрашувлар ўтказишди. Ва эътиборлиси, айнан Эркин Аъзам ва Усмон Азим, гарчи Маматқул ака эътироз билдирган бўлса-да, бу тадбирлар баҳона сафдош дўстлари бу йил 75 ёшга тўлганини алоҳида қайта-қайта таъкидлаб, унинг ижоди ва юксак инсоний фазилатлари ҳақида тўлиб-тошиб гапиришди, ижодий учрашувлар нишабини шу томонга ҳам буришди.
Мана буни қадрдонларнинг чинакам одамийлиги деса бўлади!
Бир йилда тўрт китобнинг нашр этилишида ҳам шу дўстларнинг далдаси, қўллаб-қувватлаши катта туртки бўлганини ўша учрашувларда устоз алоҳида таъкидлаганди.
Мен бу китобларга киритилган ҳикоя ва қиссалар, эсселардаги айрим эпизодларни у кишининг суҳбатларида, хотиралари ҳақида сўзлаб берганида эшитганман. Шунинг учун мутолаа чоғида гўёки бу китобларни ўқимадим, уларнинг ҳар бирини устознинг ўзидан эшитгандек бўлдим.
“Бир тилим қовун ёхуд олтмиш йиллик командировка”, “Чироқ ўчмаган кеча” қиссалари, деярли барча ҳикояларда Ургутни, устоз туғилиб ўсган тоғ этагидаги Мингбулоқ қишлоғини, Тахтиқорача довонини ва бу масканнинг бағрикенг, самимий одамларини кўрдим.
Йўлдош Бўриев тимсолида эса пойтахтда, юқори мансабда ишласа-да ўзини, ўзлигини унутмаган, юртга садоқатли, имон-эътиқоди мустаҳкам, қалби буюк инсонни кўрдим. Саксонга яқинлашаётган шу инсоннинг оила, фарзандлар таълим-тарбияси, ҳаёт моҳияти ҳақидаги қарашлари эса фақат уники эмас, у сингари умрининг кўп йиллари раҳбарлик лавозимларида ўтган ҳар бир инсонга тегишлилигини англадим.
“Юсуфбек ҳожи олтмиш беш ёшида дунё можароларига этак силкиган экан. Мен-чи? Мен саксонга боряпману ҳамон бу можаролардан қутулганим йўқ. Ёки ўзим истамайманми? Бунда ҳам жон бор. Одам боласи йиллар давомида ўрганиб, кўникиб қолган одатидан бирдан воз кечиши қийин экан. Қирқ йил оз муддатми? Шунча йиллар давомида маълум тартибларга ўрганиб, ҳаёт шу деб юрганим ёлғонми?..
Ҳар бир инсон маълум ёшга борганда ўтган умрини сарҳисоб қилиб, шундай кўйга тушар балки. Нега шундай? Нега одам боласи ёшлигида, белида кучи, кўзида нури борлигида бу ҳақда ўйламайди? Ақли ноқислик қилармикан?.. Хомсут эмган банда, дегани шудир-да...”
Профессор Йўлдош Бўриевнинг бу фикрларини сиз ҳам қайсидир раҳбардан, ҳаёти давлат ишида ўтган инсондан эшитган бўлсангиз ажабмас.
“Иқрор” ҳикоясидаги қарийб эллик йил мактабда ўқитувчилик қилган Алмат Муродовнинг умрнинг кузи, уни пайқаганлар ва пайқамаганлар борлиги ҳақидаги қарашлари ҳам кишини эътиборсиз қолдирмайди.
Китобларга киритилган қисса ва ҳикоялар орасида анча олдин, собиқ тузум даврида ёзилганлари ҳам бор. Лекин негадир, уларда ўша даврда талаб қилинган социалистик реализм услуби ёки мафкура таъсири сезилмайди. Бу билан асарлар қайта ишланиб, бугунги даврга мослаштирилган, деган фикрдан йироқман. Чунки, асарнинг ғояси, мафкурасини кичик тузатишлар билан бутунлай ўзгартириб бўлмайди, барибир қайсидир элементларда, сюжетларда ўзини кўрсатиб қўяди. Назаримда, Маматқул аканинг ўтган асрда ёзилган асарларида ҳам инсонийлик, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибат, оилавий қадриятлар биринчи ўринга қўйилган, улуғланган. Бу қадриятлар эса ўлмас ва адабийдир.
“Чироқ ўчмаган кеча” қиссасида собиқ иттифоқ қўшинлари аскари ва афғон йигити ўртасида кечган суҳбатга эътибор қаратайлик. Мана шу қисқа баҳсдаёқ ушбу юртдаги урушнинг асл моҳияти очиб берилган, назаримда.
“- Ҳамманг бир гўрсан, сенам, анавиларам – баринг шўравийсан. Нимага бошимизга қурол кўтариб келасанлар?
- Сизларга эмас, йўлда душман чиқиб қолмасин, деб ҳар эҳтимолга қарши олганмиз буни.
- Ким душман? Ким душман? Сен душман! Манавилар душман! Бировнинг юртига бостириб кирган одам душманми ё юртини босқинчилардан мудофаа қилмоққа отланган киши душманми?..”
Хўш, бу қадриятлар Маматқул аканинг қалбига, асарларига қандай сингган бўлиши мумкин? Бу саволга жавоб ҳам китоблар қатида яширинган. Болаликдан китобга меҳр қўйиши, раиснинг фарзанди бўлса ҳам камсуқум ва илмталаблиги, адолатпарвар ота ва фарзанларига бутун борлиғини бағишлаган меҳрибон онанинг тўғри таълим-тарбияси, увол ва савоб нималигини ўргатгани Маматқул аканинг давр эмас, адабиёт кишиси бўлишига хизмат қилган.
Биз кўпинча раҳбарларни давр юзага чиқаради, мафкура тарбиялайди, деган гапларни айтамиз. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга раҳбарлиги чоғида устоз ҳақида ҳам айримлар шундай фикрларни кўп айтди. Мамлакат бош ахборот маҳкамасининг раҳбари сифатидаги фаолиятини турлича талқин қилишди. Ваҳоланки, Маматқул ака собиқ иттифоқ даврида республикамиздаги энг нуфузли нашрлардан бўлган “Ўзбекистон маданияти”, кейинча “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида кўп йил фаолият юритган. Ўз даврининг катта-катта ёзувчи ва шоирлари, журналистлари билан бирга фаолият юритган, етук санъат ва маданият намояндалари билан ҳамсуҳбат бўлган. Агар мафкура, асл миллий қадриятлар, ғоялар нималигини билмаганида ўша давр таъсиридан чиқиб кета олмасди, юрак ютиб фикр билдирмасди. Аксинча, у киши мустақиллик туфайли мамлакатнинг бош ахборот идорасида ишлаган пайтида мустақилликнинг қадр-қиммати нималигини яхши англаб, буни бошқалар онгига сингдиришга ҳаракат қилди. Юрт ичида ҳам, ташқарида ҳам мустақил Ўзбекистон шаъни, обрўси учун сиёсатчилардан кам бўлмаган тарзда курашди.
Бу ҳақда гапирганда устознинг 1994 йил апрель ойида Москвада ўтказилган МДҲ давлатлари ахборот агентликлари раҳбарларининг учрашувидаги қатъиятини эслашни жоиз деб ўйлайман. Ўшанда Маматқул ака ёш мустақил давлатнинг мустақил ахборот агентлиги қандай фаолият олиб бориши кераклигини “катта оғалик” мақомидан тушишни истамаётганларга кўрсатиб қўйган ва бундан собиқ иттифоқдаги бошқа ахборот агентликлари ҳам андоза олган эди.
1997 йилда Қоҳирада ўтган “Миср ва МДҲ давлатлари ҳамкорлиги” мавзуидаги халқаро конференцияда эса Маматқул аканинг мисрлик маърузачининг нотўғри маълумотларига эътироз билдириб, бу фикрларга аниқлик киритишни талаб қилиши, акс ҳолда Ўзбекистон делегацияси анжуманни тарк этиши ҳақида гапириши учун кишида қатъият ва жасорат билан бирга, аввало, юксак ватанпарварлик ҳисси бўлиши кераклигини кўпчилигимиз яхши англаймиз. Ушбу конференциядаги гап-сўзлар устоздан олдин Тошкентга етиб келган ва катта-кичик давраларда турлича талқин қилинган. Аммо барибир устознинг тутган йўли маъқулланган.
Германия элчиси билан бўлган суҳбатда ҳам ана шу ватанпарварлик, давлат хизматчисига хос юксак маҳорат ва дипломатия яққол ўз аксини топган. Йўқса, мустақил бўлганига эндигина уч йил тўлган давлатнинг ҳали ўз йўлини топиб улгурмаган ахборот агентлиги раҳбари дунёнинг тараққий этган давлатлари қаторида саналадиган Германиядек мамлакат элчисининг фикрларига эътирозини асослаган ҳолда билдириб, кескин гапирмаган бўларди.
Эндигина дунёга юз тутаётган, ҳали кўпчилик билиб-билмай турган давлатнинг бош ахборот идораси раҳбарининг бу каби хатти-ҳаракатлари, халқаро анжуманлардаги чиқишлари, ёзган мақола ва очерклари, албатта, Ўзбекистонни жаҳонга танитиш, мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида Ватаннинг бир фидойиси қўшган улкан ҳиссадир ва бу хизматлар давлатимиз, халқимиз томонидан эътироф этилиб, қадрланиб келмоқда.
2009 йилда Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони яқинида собиқ иттифоқ даврида қурилган улкан музей биноси бузиладиган бўлди.
Аслида, ушбу музей биноси аввалги тузум даврида аждодларимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳиятининг бир намунаси бўлган Регистон мажмуаси салобатига соя солиш мақсадида қурилган (шундай мақсад бўлмаганида буюк жаҳонгир Амир Темур мақбараси яқинида, шаҳар ўртасида спирт заводи қурилмаган бўларди). Бу бинодан ташқари мажмуа атрофида яна бир нечта ресторан, савдо маркази, автошоҳбекат, кинотеатр қад ростлаганди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бу иншоотларнинг барчаси навбати билан бошқа жойларга кўчирилди. Тарихий обида атрофи очила бошлагач, музейни ҳам бошқа жойга кўчиришга қарор қилинди. Ўшанда айрим хорижий оммавий ахборот воситаларида бу ҳолат турлича талқин қилинди. Гўёки Ўзбекистонда маданият бойликларига эътибор жуда ёмон, мана музей бузиб ташланди, деган маънода чиқишлар кўпайди.
Гарчи бу чиқишлардан мақсад-муддао аниқ бўлса-да, баён этилган ҳолатларни ўрганиш мақсадида Маматқул Ҳазратқулов ЎзА бош директори сифатида ва у кишининг ўринбосари Аҳмаджон Тошхўжаев Самарқандга келишди.
Дастлаб улар музей жойлашган ҳудудни бориб кўришди, музей ходимлари, вилоят ва шаҳар раҳбарияти, тарихчи ва музейшунос олимлар билан суҳбатлашишди, маҳаллий аҳолининг фикрларини эшитишди. ЎзАнинг вилоятдаги мухбири сифатида уларга ҳамроҳлик қилиб, суҳбатларда билдирилган фикрларни ён дафтаримга қайд қилиб боравердим. Шу ҳақда мақола тайёрлаш топширилса керак, деган ўйда эдим. Лекин устоз ҳеч нарса демади ва “эртага таҳририятда гаплашамиз” деди ва улар меҳмонхонада қолишди.
Эртаси куни эса директор ва ўринбосари “Зарафшон” газетаси таҳририятида кеча кўрган-эшитганлари, бино тарихи ва бугунги билан боғлиқ маълумотлар асосида каттагина мақола тайёрлашди. Бу мақола ЎзА сайтида ва бир қатор нашрларда чоп этилди. Шу билан ҳар хил гап-сўзларга нуқта қўйилди.
Устоз бу топшириқни ўринбосарлари ёки бош муҳаррирларга бериши, пойтахтда туриб, шу материални ёздириши ёки ёзиши мумкин эди. Лекин гап юрт ва миллат шаъни, аждодлар мероси ва унинг қадр-қиммати ҳақида борар экан, у киши бундай йўл тутмади ва ўзи кўриб, одамлар билан гаплашиб, мақола тайёрлади.
Менга ўн йилдан кўпроқ вақт устоз қўли остида, ЎзАнинг Самарқанд вилоятидаги мухбири сифатида ишлаш насиб этди. Ана шу йиллар давомида Маматқул акадан нафақат журналистика бўйича, балки ҳаёт сабоғини ҳам олдим.
Устознинг янги китоблари ҳам ана шу катта сабоқ вазифасини ўтамоқда.
Ғолиб ҲАСАНОВ.