Янги очилган тоғ-чанғи курортида ёш йигит бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди
Жорий йилнинг 7 январь куни Чимёндаги “Amirsoy Resort” тоғ-чанғи курортида чанғи трассаларидан бирида ташриф буюрувчилардан бирининг бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этганлиги ҳақида маълум қилинди.
Унга кўра, кечки пайтда курорт ходимларига ёш чанғичи йўқолиб қолгани хабар қилинган. Шундан кейин курорт қутқарувчилари жамоаси зудлик билан чанғичини қидиришни бошлаб юборишган.
30 дақиқадан кейин чанғичи трассадан ташқарида тириклик аломатларисиз топилган. Курортнинг 8 нафар профессионал қутқарувчиси ва 2 нафар шифокор 50 дақиқа давомида жабрланувчини жонлантиришга ҳаракат қилишган, бироқ бахтга қарши уларнинг уринишлари бесамар якунланган.
Бир қатор ижтимоий тармоқларда вафот этган шахс спортчи бўлганлиги ҳақида ёзишди. Ушбу ҳолат юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:
“Amirsoy Resort” тоғ-чанғи курортидаги чанғи трассасида бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган шахс вазирлик тизимида спортчи сифатида рўйхатга олинмаган. Қишки спорт турлари федерациясида ҳам спортчи сифатида қайд этилмаган. Марҳум шунчаки, “Amirsoy Resort” тоғ-чанғи курортига дам олиш мақсадида келган юртдошларимиздан бири бўлган.